Шавкат Мирзиёев ва Тўқаев Бухорода учрашди
Жамият
−
11 Апрель 1070 3 дақиқа
Бугун, 11 апрель куни Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Музокаралар аввалида Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон Президентини янги Конституция бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаган.
Ҳудудларда мунтазам равишда норасмий учрашувлар ўтказиш яхши анъанага айланиб, икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни очиқ ва конструктив муҳокама қилишга хизмат қилаётгани таъкидланган.
Ўтган йил ноябрь ойида Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий натижалари мамнуният билан қайд этилган.

Билдирилишича, барча даражалардаги алоқалар, жумладан, ҳукуматлараро ва парламентлараро ҳамкорлик фаоллашган. Товар айирбошлаш барқарор ўсиб, ўтган йили 5 миллиард долларга етган. Автомобилсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, логистика, электротехника, қурилиш материаллари ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Кимё, геология, энергетика, автомобиллар учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги бир қатор янги ташаббуслар кўриб чиқилган. Транспорт ва логистика соҳасида ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Чегараолди инфратузилмани модернизация қилиш, тўсиқларни бартараф этиш ва ташқи бозорларга чиқишни таъминлайдиган самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланган.

Шунингдек, томонлар “Қамбарота” гидроэлектрстанцияси қурилиши каби йирик минтақавий лойиҳаларни жадаллаштириш ва “яшил” энергия экспорти бўйича ташаббусларни илгари суриш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий экологик ташаббусларни илгари суриш, шу жумладан, чегарадош ҳудудларда “Тоза ҳаво” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда ишлаш муҳимлиги қайд этилган.
Етакчилар инновацион ва юқори технологик соҳаларда, жумладан, космик технологиялар, рақамлаштириш, электрон тижорат ва стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга интилиш қатъийлигини билдирган.
Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш, жумладан, маданият кунлари, ёшлар форумларини ўтказиш, креатив иқтисодиёт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинган.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашган.
Учрашув давомида бош вазирлар ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартибининг долзарб жиҳатлари, жумладан, яқин истиқболда ўзаро савдони 10 миллиард долларга етказиш бўйича кўрилаётган чоралар бўйича ҳисоботлари эшитилган.
Музокара якунида ҳукуматларга эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қосим-Жомарт Тўқаев амалий ташриф билан Ўзбекистонга келгани ҳақида хабар берилган эди. Олий мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида Ўзбекистон раҳбари кутиб олган. Кейинроқ етакчилар Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.
Live
Барчаси