Шавкат Мирзиёевга Халқаро тинчлик мукофоти топширилди (видео)
Олам
−
22 Декабрь 6092 3 дақиқа
Россия Федерациясига амалий ташриф доирасида Николай Римский-Корсаков номидаги Санкт-Петербург давлат консерваториясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонга Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳузурида халқаро мукофотни унинг ҳайъати раиси, Мариинский театри бадиий раҳбари ва бош директори, Россия Катта театри бош директори, дирижёр Валерий Гергиев топширди.
Уч мамлакат етакчилари ушбу нуфузли мукофотга Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун сазовор бўлган.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорида таъкидланганидек, 2025 йилнинг 31 март куни Хўжанд шаҳрида учта давлат раҳбарлари Давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома ва Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларациясини имзолаган ва шу билан халқаро ҳуқуқ устуворлигига асосланган умумий ва баробар хавфсизликни таъминлаш, халқлар ўртасида ўзаро англашув ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган.
Ушбу мукофот инсонпарварлик ғояларига садоқатни ифодалаши ва Марказий Осиёни тинчлик, фаровонлик ҳамда бунёдкорлик маконига айлантириш йўлидаги умумий ҳиссанинг эътирофи экани таъкидланган. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилиши уч мамлакат халқларининг сиёсий иродаси, ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка интилиши туфайли бўлгани қайд этилган.
Маълумот учун, Лев Толстой номидаги иккинчи Халқаро тинчлик мукофоти – бу нисбатан янги мукофот бўлиб, 2022 йил 22 июнда таъсис этилган. Уни Россия Тарихий жамияти, Россия Ҳарбий-тарихий жамияти ва Россия Тинчлик жамғармаси биргаликда яратган. Мукофотнинг асосий мақсади – урушларнинг олдини олиш, барқарор ва кўп қутбли дунё қуриш, зўравонликсиз тинчликни тарғиб этиш ҳамда фаол тинчликпарварлик фаолиятини рағбатлантиришдир.
Ҳар йили бу мукофот тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга сезиларли ҳисса қўшган давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ёки жамоат арбобларига топширилади. Масалан, 2024 йилда биринчи мукофот Африканинг қитъа миқёсидаги ташкилоти – Африка Иттифоқига берилган. 2025 йилда эса Марказий Осиё давлатлари – Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари бу мукофотга сазовор бўлди. Ҳар йили ғолиблар 9 сентябрь куни, яъни буюк рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой туғилган кунда эълон қилинади.
Толстойнинг номи бу мукофотга бежиз қўйилмаган. Толстой асарларида тинчлик ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилган. Масалан, “Уруш ва тинчлик” романида у уруш фожиалари, инсонларнинг азобини чуқур тасвирлаб, тинч ҳаёт қадрига урғу берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 март куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хўжанддаги учрашувда Давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаганди. Чегаралар туташган жой Фарғона водийсида жойлашган бўлиб, Сўғд (Тожикистон), Фарғона (Ўзбекистон) ва Боткен вилоятларини (Қирғизистон) боғлайди. Кейинчалик, ушбу шартнома Садир Жапаров томонидан ратификация қилинди.
Live
Барчаси