Швеция Украинага янги ёрдам пакетини эълон қилди

Олам

image

Швеция ҳукумати Украинага 110 миллион доллардан ортиқ қийматга эга янги қишки ёрдам пакетини тақдим этади. Бу ҳақда “Placera” хабар берди.

Маълум қилинишича, ёрдам пакети 1145 миллиард швед кронасини (110 миллион доллар) ташкил этиб, жорий йилнинг охиригача етказиб берилади ва у Украинадаги тикланиш ҳамда ривожланиш эҳтиёжларини, шунингдек, қиш мавсуми олдидан энг шошилинч гуманитар талабларни қоплашга йўналтирилади.

Баёнотда Швеция Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши лозимлиги, айниқса, Россия томонидан уруш кучайган бир пайтда бу янада муҳим экани таъкидланиб, Украинадаги озодлик учун кураш бутун Европа хавфсизлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги айтилади. Ёрдам пакети энергетика, уй-жой, соғлиқни сақлаш, миналардан тозалаш, ички кўчирилган шахслар ва қочқинларга ёрдам ҳамда мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларни ўз ичига олади. 

Шунингдек, 450 миллион крона энергия таъминоти, электр ишлаб чиқариш ва муҳим инфратузилмани таъмирлашга, 385 миллион крона энергетика ва уй-жой инфратузилмасини таъмирлаш, қочқинларга ёрдам ҳамда давлат хизматларини қўллашга, 100 миллион крона миналардан тозалаш, вайроналарни бартараф этиш ва иқтисодиётни тиклашга, 50 миллион крона фронт чизиғи яқинидаги ҳудудларга гуманитар озиқ-овқат ёрдами кўрсатишга, 30 миллион крона мустақил ОАВни қўллашга, 25 миллион крона суд тизимини мустаҳкамлашга, 10 миллион крона эса логистика ва транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш орқали Украинадаги меҳнат бозорини яхшилашга ажратилади. 

Ёрдам халқаро дастурлар орқали, жумладан, Жаҳон банки, БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ва бошқа агентликлар орқали етказиб берилади. Швеция ҳукумати маълумотига кўра, жорий йилда Украинага кўрсатилган умумий фуқаровий ёрдам миқдори 9 миллиард швед кронасини (тахминан 819 миллион доллар) ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегия, Швеция ва Дания ҳукумати Украинага АҚШдан қурол харид қилиш учун 486 миллион доллар ажратганди. Швеция ушбу ташаббус доирасида 275 миллион доллар ажратиши режалаштирилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Жаҳон банки Украина Швеция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг