Собиқ хавфсизлик раҳбарининг қимматбаҳо буюмлари сотилди

Олам

image

Давлатга хиёнатда айбланган Қозоғистоннинг собиқ бош вазири, Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари Карим Масимовнинг уйидан бугун, 7 октябрь куни қимматбаҳо ручкалар, қиличлар ва ханжарлар олинди ва кимошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.

Қайта тикланган активларни бошқариш компанияси 10 та ҳашаматли нарсани сотувга қўйди. Улар орасида қаламлар тўплами, тангалар, қиличлар, ханжарлар, миллий нақшли камар бор.

Шуниси эътиборга лойиқки, бу нарсаларнинг барчаси ҳужжатларда Карим Масимовнинг уйи тавсифига мос келадиган уйдан олиб қўйилган мулк сифатида учрайди. Кимошди савдосига қўйилган активларнинг умумий қиймати 3,5 миллион тенгедан ошади.

Нима сотилди?

Аукцион онлайн аукцион порталида бўлиб ўтди. Қайта тикланган активларни бошқариш компанияси ўнта лотдан еттитасини сотди. Сотилган нарсалар орасида иккита ҳашаматли қалам бор эди:

Montegrappa Italia ёзуви бўлган ручка, у кумушдан ясалган. У 440 минг тенгега сотилган. Қуръон оятлари билан безатилган Visconti Firenze ручкаси 402 минг тенге туради.

Карим Масимовнинг уйидан топилган қиличлар ҳам сотилди:

  • Суяк дастаси ва занжирли қилич – 930 минг тенге;
  • Сариқ металл безакли қилич – 837 минг тенге.
  • Ғилофли пўлат ханжар ҳам 185 минг тенгега сотилган.

“Олма Отани”, “Остона”, “Байтерек” ва “Қозоғистон харитаси” каби тангалар тўплами салкам 199 минг тенгега сотилди.

Яна иккита танга – герб тасвирланган 1000 танга (2003 йил) ва “Евросиё давлатларининг пойтахтлари” (500 танга, 2008 йил) кимошди савдосида 82 минг 999 тенгега сотилди.

Нима сотилмади?

Қуйидаги лотлар харидорларсиз қолди:

  • учта коллекция тангалари тўплами: қиймати 155 минг тенгедан бошлаб иккита “Олтин одам” ва “Мустақилликнинг 20 йиллиги” тангалари (500 танга, 2011 йил);
  • “Шарқий календарь” ва “Қозоғистон фаунаси” туркумидаги тангалар (2010–2011 йиллардаги 500 танга номиналида) – 107 минг тенгедан;
  • чарм камар – 183 минг 750 тенге.

Қайд этиш жоиз, бу Қайта тикланган активларни бошқариш компаниясининг ушбу буюмларни сотишга иккинчи уриниши – улар биринчи марта 16 сентябрда рўйхатга олинган, бироқ харидор топилмаган.

Олдинроқ машр Карим Масимовнинг Остонадаги ҳашаматли саройи ижтимоий хизмат марказига айлантирилиши ҳақида ёзганди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимов 2022 йилда январь воқеаларида давлатга хиёнат қилишда гумонланиб ҳибсга олинган ва кейинроқ айбдор деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Тергов ва суд жараёнида шов-шувли иш бўйича айбланувчиларнинг қимматбаҳо мол-мулки давлат даромадига айлантирилган – 10 миллиард тенге ва 24 миллион доллар.

Масимов икки марта Қозоғистон бош вазири лавозимида ишлаган. Ўтган йили у афв сўраган, аммо Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Амнистия комиссияси томонидан рад этилган.

Карим Масимовдан 2022 йилнинг мартида ҳашаматли буюмлар мусодара қилинган. Бош вазир сифатида у бизнес тузилмаларидан биридан пойтахтда жойлашган қиймати қарийб 2,5 миллиард тенге (64 млрд 625 млн сўм) бўлган меҳмон уйи ва ер участкасини олган. Текширув давомида терговчилар 17,2 миллион доллар нақд пул, шунингдек, қимматбаҳо соатлар, тилла қуймалари, қимматбаҳо автомобиллар ва антиқа буюмларни топган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Карим Масимовнинг ҳашаматли уйи кимошди савдосига қўйилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Карим Масимов собиқ бош вазир кимошди савдоси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг