СССРда туғилган шахс “Моссад” раҳбари бўлди

Олам

image

Исроилнинг “Моссад” ташқи разведка хизматига илк бор собиқ СССР республикаларидан биридан чиққан шахс раҳбарлик қиладиган бўлди: ташкилотнинг янги директори этиб Беларусдан кўчиб кетган генерал-майор Роман Гофман тайинланди. Ваколатларни топшириш маросими жорий йилнинг 2 июнь куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

“Мен Роман Гофманни “Моссад”нинг навбатдаги директори этиб тайинлаганимдан фахрланаман”, деб ёзди Биньямин Нетаньяху. 

Қасамёд қилиш маросимида Нетаньяху генерал Гофманнинг бош миссияси сифатида Эрон режимини йўқ қилишни кўрсатган. 

“Ер юзидан йўқ бўлиб кетиши муқаррар бўлган ва бу мақсадга эришишига ўзимиз ёрдам берадиган ушбу террор режими энди бизга ядровий бомбалар ва минглаб ҳалокатли баллистик ракеталар билан таҳдид қила олмайди. “Моссад” Эрон тажовузига қарши курашимизнинг энг олдинги сафида қолади... Кўп йиллардан буён юритаётган изчил сиёсатимизга мувофиқ, биз Эрон режимининг вақтни орқага қайтаришига йўл қўймаймиз. Унинг ядровий қуролга эга бўлишига ва мавжудлигимизга таҳдид солишига изн бермаймиз”, дейди Исроил Бош вазири.

Нетаньяхунинг маслаҳатчиси Дмитрий Гендельман Роман Гофманнинг “Моссад” раҳбари лавозимига тайинланишини “тарихий аҳамиятга молик воқеа” деб атаган. 

“Бу Исроил тарихида собиқ Совет Иттифоқи давлатларидан кўчиб келган репатриантлар вакили хавфсизлик тузилмаларида эгаллаган энг юқори лавозимдир”, деб ёзди Гендельман ўзининг Telegram-каналида.

Янги директорнинг тайинланишидан аввал суд муҳокамаси бўлиб ўтган. Бу можаро 2022 йилга бориб тақалади: ўшанда Гофман Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) дивизиясига қўмондонлик қилаётган вақтда, офицерлардан бири унинг хабари ва розилиги билан ахборот уруши доирасида араб тилида махфий маълумотларни тарқатиш учун 17 ёшли исроиллик блогер Ури Эльмакайсни ҳамкорликка жалб қилган. Ўсмир йигит унинг бу фаолиятидан бехабар бўлган “Шин Бет” хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган ва Эльмакайснинг ЦАХАЛ билан ҳамкорлик қилгани исботланиб, айбловлар олиб ташлангунига қадар бир ярим йил давомида дастлабки тергов ҳибсхонасида ўтирган.

Ури Эльмакайс Роман Гофманнинг “Моссад” раҳбари этиб тайинланишига қарши даъво аризаси билан чиқиб, генерал уларнинг ҳамкорлиги ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларини огоҳлантирмаганини даъво қилган. Исроил Олий адолат суди (БАГАЦ) 1 июнь куни ушбу шикоятни рад этган. Суд бу ишда Гофманнинг хатолари борлигини тан олган, бироқ унинг “Моссад” раҳбари лавозимига номзодини йўққа чиқарадиган этика қоидалари бузилишини кўрмаган.

Беларуснинг Мозирь шаҳрида туғилган Роман Гофман 1990 йилда Исроилга кўчиб ўтган. У ҳарбий интернатда таҳсил олган, ҳарбий фаолиятини эса танк қўшинларида бошлаган. 2019 йилда унга бригада генерали унвони берилган. 2024 йилдан буён Нетаньяхунинг ҳарбий котиби лавозимида ишлаб келаётган эди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Моссад Роман Гофман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг