“Собиқ террорист”. Аш-Шара ўз тарихини ҳимоя қилди

Олам

image

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара 6 декабрь куни Доха форумида сахнага чиққанида “собиқ террорист” сифатида таништирилганидан кейин ўз ўтмишини ҳимоя қилишга мажбур бўлди. У йигирма йилдан ортиқ давом этган курашлар давомида “ҳеч қачон тинч аҳолига зарар етказмаганини” таъкидлади.

CNN журналисти Кристиан Аманпур билан расмийлар, ОАВ ва форум иштирокчилари олдида кечган кескин баҳс пайтида у “террорист” атамаси ўнлаб йиллар давомида аниқ таърифсиз ишлатилиб келинганини айтди.

“Менинг террорист бўлганимни айтиш ва шунга кўра менга баҳo бериш сиёсийлаштирилган. Кимнидир террорист, деб баҳолаш исбот талаб қилади. Менинг фикримча, террористлар – айбсизларни, болалар ва аёлларни ўлдирадиган, ноқонуний йўллар билан одамларга зиён етказувчилардир”, деди у.

Аш-Шара Ғазо, Афғонистон, Ироқ ва Башар Асад бошқарувидаги собиқ Сурия режимини мисол қилиб келтирди ва улар катта фуқаролик ҳалокатлари учун жавобгар бўлишса-да, ўзлари “террорист” деб аталмаслигини таъкидлади.

“Ғазода 60 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, уларнинг кўпчилиги айбсиз эди. Сурия режими 14 йил ичида бир миллиондан кўп одамни ўлдирди, 250 минг киши ҳануз бедарак кетган – аммо бу режим террорист деб аталмайди”, деди у. 

У шахсан “ҳеч қачон тинч аҳолига зарар етказмаганини” айтди ва 20 йилдан ортиқ вақт давомида “шон-у шараф билан” бир неча фронтларда жанг қилганини қўшимча қилди.

Аш-Шара ўтган йили Дамашққа қилинган тезкор ҳужумни “рақамли” деб атади.

“Сиз ҳеч қачон террорист 11 кун давомида режалаштириб, Халаб, Ракка, Дамашқ, Латакия ва Сувейда каби йирик шаҳарларга бирорта фуқарога зарар етказмасдан кирганини кўрганмисиз? Биз қамоқхоналар эшикларини қўлларимиз билан синдирдик. Седная қамоқхонасидан одамларни озод қилдик, у ерда жасадлар кислотада ёндирилар эди” деди у. 

Унинг айтишича, “иккиёқлама стандартлар” ҳаракатга нисбатан қарашларни йиллар давомида шакллантирган, аммо “ҳақиқат ғалаба қозонган” ва у энди БМТ Хавфсизлик Кенгашининг террористлар рўйхатида эмас.

Ўз ўтмишини ҳимоя қилишдан ташқари, аш-Шара Қатардаги форумдан фойдаланиб, ҳокимиятга келганидан буён Сирия қўшнилар ва халқаро ҳамкорларга берган ваъдаларни тўлиқ бажарганини таъкидлади. У мамлакат “яқинлашув босқичидан ўтгани”ни ва минтақавий ҳамда халқаро алоқалар қайта тикланганини айтди.

Бир йил аввал, худди шу форумда, Қатар, Эрон, Туркия ва бошқа минтақавий амалдорлар тинмай маслаҳатлашар, аш-Шара бошчилигидаги исёнчилар эса Дамашқ яқинига етган эди.

“Бир йил аввал биз шу ерда эдик ва Дамашққа бостириб киришга тайёргарлик кўраётган эдик. Ўшанда, эҳтимол, форум кун тартибини ўзгартирганмиз”, деди у.

У Сурия “тўғри йўлда” эканини, барқарорлик яхшилангани, иқтисодий кўрсаткичлар ошгани ва электр таъминоти 90 дақиқа ўрнига кунига 12–14 соатга кўтарилганини айтди.

Бироқ у ўз кучлари томонидан озчиликларга нисбатан содир этилган қотиллик ва жиноятларни ҳам тан олди. 

“Жиноятлар содир этилган. Биз уларни қўлламаймиз, қонун устувор бўлади. Биз жавобгарларни аниқлаш ва жазолаш устида ишлаяпмиз”, деди у.

Унинг фикрича, Исроилнинг ҳудудий кириб келиши бугунги асосий муаммолардан бири бўлиб, музокаралар давом этмоқда ва АҚШ бевосита иштирок этмоқда.

“Барча давлатлар Исроилнинг 8 декабргача бўлган чегараларга қайтиши тарафдори. Дамашқ мантиқий ва оқилона хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишга тайёр. Исроил эмас, айнан Сурия ҳужумга учраяпти. Қайси томон буфер ҳудуд талаб қилишга ҳақли?” деб сўради аш-Шара.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Аҳмад аш-Шара Доха

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг