Солиқчилар ҚҚСни қайтаришда совуқ сувни ҳам пуфлаб ичяпти – Шерзод Қудбиев

Жамият

image

32 та солиқ идораси ходими қўшилган қиймат солиғини қайтариб беришдаги хатолар ва порахўрлик ортидан жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда кеча, 28 июль куни Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда сўз очди.

Мулоқот давомида логистика компанияси эгаларидан бири жорий йилнинг февраль ойидаб бери 750 млн сўмлик ҚҚСни қайтариб ололмаётганидан шикоят қилди. Бунга жавобан эса Шерзод Қудбиев бу жараён “оғир” эканини айтиб, 32 та солиқ идораси ходими хатоси сабаб жиноий жавобгарликка тортилганини айтди.

“Бу оғир масала. Бюджетни пулини нотўгри қайтариб берса қамалади. Мана 32 та солиқ идораси ходими жиноий жавобгарликка тортилди. Айнан шу қўшилган қиймат солиғини қайтариб беришдаги айрим хатолари, айримлари эса порахўрлиги эвазига”, деди Қудбиев.

Шунингдек, у ушбу жараёнда солиқ идораси ходимларининг эҳтиёткорлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Шунинг учун улар ҚҚСни қайтаришда совуқ сувни пуфлаб ичаяпти. Музлатгичдаги сувни олиб, пуфлаб, яна қўшнисига бу сувни совуқлиги тўғрисида маълумотнома бер деяпти”, дейди у.

Мулоқот давомида Шерзод Қудбиев тадбиркорга рейтингини АААга чиқаришни таклиф қилиб, бунда ҚҚС солиқ идораси ўрганишисиз қайтарилишини айтиб ўтди. Тадбиркор эса бунга жавобан рейтинг АААга кўтарилса, орқасидан текшириш келишини айтди.

“АААга тушсангиз орқасидан “камерал” (текшириш) келаркан”, дейди тадбиркор.

Бироқ Қудбиев тадбиркорнинг бу гапига қўшилмасилигни айтиб, Ўзбекистон Республикасининг норматив ҳужжатлари устидан кулмаслигини айтди.

“Солиқ идорасида 9300 та одам ишлайди. Давлат хизмати бир томондан назорат қилувчи орган, иккинчи томондан оғир пешона тер билан ишлайди. Агар рейтинг ААА бўлса, ҳеч ким тизимда текширишга буйруқ чиқара олмайди. ААА рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектига нисбатан текширишга буйруқ солиқ органларининг дастурларида шаклланмайди. Шундай тизим ўрнатилган”, дейди Солиқ қўмитаси раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкалари 2028 йил 1 январгача оширилмаслиги белгиланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҚҚС Шерзод Қудбиев қўшилган қиймат солиғи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг