Сўнгги 2 йилда ўлдирилган журналистлар сони очиқланди

Бу қизиқ

image

Бутун дунёда 2023 йилнинг августидан жорий йилнинг май ойигача 163 нафар журналист ўлдирилган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, UNESCO 2023 йил августидан 2025 йил май ойигача 163 нафар журналистнинг ўлдирилганини қайд этган. Улардан 109 нафари, жумладан, 12 нафар аёл жанговар ҳудудларда ҳалок бўлган. Энг кўп қурбонлар Ғазо секторида (46 киши), Суданда (13 киши) ва Украинада (8 киши) қайд этилган. 

Журналистлар қотиллиги уруш кечмаётган мамлакатларда ҳам давом этмоқда. Масалан, UNESCO маълумотига кўра, Мексикада вазият кўплаб уруш зоналаридагидан хавфлироқ. Кўрсатилган даврда у ерда 15 нафар ОАВ ходими ўлдирилган. Энг кўп тасдиқланган қотиллик ҳолатлари араб давлатларида (82 та) қайд этилган, ундан кейин Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари (34 та), Африка (5 та), Осиё-Тинч океани минтақаси (30 та) ҳамда Европа ва Шимолий Америка (12 та) келади. 

Маълумот учун, 2013 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан 2 ноябрь Журналистларга қарши жиноятлар учун жазоланишсизликка барҳам бериш куни сифатида эълон қилинган ва ҳар йили нишонланади. Сана 2013 йилда Малида ўлдирилган икки француз журналисти хотирасига бағишланган. Бу кун дунёга журналистларга қарши зўравонлик учун жазосизлик сўз эркинлиги, демократия ва жамиятнинг ишончли ахборот олиш ҳуқуқига таҳдид солишини эслатади.  

UNESCO маълумотларига кўра, ОАВ ходимларига қарши жиноятлар учун жазосизлик даражаси глобал миқёсда ҳануз юқори. Энг баланд кўрсаткич Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида қайд этилган, ундан кейин Осиё-Тинч океани минтақаси ва Африка келади. Бундай ҳолат кўплаб мамлакатларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тизимларининг заифлиги ҳамда коррупцияга ботганлиги, сиёсий иродасизлик, шунингдек, сиёсатчилар, коррупсиялашган ишбилармон доиралар ва уюшган жиноятчилик ўртасидаги алоқалар билан изоҳланади. 

“Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти маълумотларига кўра, 2023-2025 йиллар оралиғида дунё бўйича камида 1163 нафар журналист ҳибсга олинган, уларнинг 568 нафари 48 та мамлакатда ҳануз қамоқда сақланмоқда. Журналистларнинг деярли ярми беш давлат – Беларусь, Хитой, Исроил, Мьянма ва Россия Федерациясида қамоққа олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армияси Ғазо шаҳридаги Ал-Аҳли шифохонасига ҳужум уюштириши оқибатида камида тўрт фаластинлик журналист ҳалок бўлганди. Уларнинг орасида Сулаймон Ҳажжаж ва Исмоил Бада (иккаласи ҳам “Palestine Today” телеканалида ишлаган), Самир ал-Рифаи (“Shams News” агентлиги) ва Аҳмад Қалажа бўлган. Ҳужумда яна бир неча журналистлар жароҳат олган.


Мақола муаллифи

Теглар

журналист UNESCO Бирлашган Миллатлар Ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг