“Сўнгги чора – ўлим”. Хитойда янги касаллик тарқалди
Олам
−
09:36 12280 2 дақиқа
Хитойда илгари учрамаган янги турдаги яшур касаллиги (чорва орасида тез юқадиган вирус) аниқланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Касаллик Гансу вилояти ва Шинжон-Уйғур автоном туманида жойлашган икки подада қайд этилган. Бу ҳудудлар бир нечта давлатлар, жумладан Россия билан чегарадош. Жами 6229 бош қорамолдан 219 тасида касаллик аниқланган. Шундан сўнг зарарланган барча ҳайвонлар йўқ қилинган ва фермаларда тўлиқ дезинфекция ишлари ўтказилган.
Лаборатория текширувлари бу касаллик SAT1 турига мансуб эканини кўрсатган. Бу тур Хитойда илгари учрамаган ва энг муҳим муаммо шундаки, мамлакатда мавжуд вакциналар айнан шу турга қарши ҳимоя бермайди. Шу сабабли касалликнинг кенг тарқалиш хавфи юқори баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, охирги ойларда Россиянинг бир қатор ҳудудларида ҳам чорва касаллиги кенг тарқалган. Турли вилоятларда жами қарийб 90 мингдан ортиқ қорамол йўқ қилинган. Расмийлар буни дастлаб бошқа касаллик деб баҳолаган бўлса-да, мутахассислар бу ҳам яшур бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Уларнинг таъкидлашича, яшур жуда тез юқади ва уни тўхтатишнинг асосий усули – зарарланган ҳайвонларни тўлиқ йўқ қилиш ҳисобланади. Шу сабабли бу ҳолат чорвачилик ва гўшт-сут маҳсулотлари савдосига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мўғулистонда “дузд” (бу қаттиқ қишни англатувчи мўғулча атама бўлиб, унда ер музлаши ёки қор билан қопланиши туфайли кўп сонли чорва моллари очликдан ёки совуқдан нобуд бўлиши) номи билан танилган ўта совуқ қиш оқибатида 26 минг 300 дан ортиқ чорва моллари ўлганди.
Live
Барчаси