Сурия машҳур “ҳибсхона” фаолиятини тўхтатмоқда
Олам
−
17 Февраль 503 2 дақиқа
Сурия шимоли-шарқидаги машҳур Ал-Ҳол лагери бўшатилмоқда. Ҳукумат сўнгги ҳафталарда минглаб аҳолини кўчиришни бошлаган. Бу ерда асосан “Исломий давлат” (ИШИД) гумондор жангчиларининг аёллари ва болалари сақланар эди. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Лагер ўтган ой курдлар бошчилигидаги Сурия Демократик кучларидан (СДФ) ҳукумат назоратига ўтган. Расмийларга кўра, шароитлар яшаш учун яроқсиз бўлиб қолган ва аҳоли Ҳалаб вилоятидаги бошқа лагерларга жойлаштирилади. Эвакуация бир ҳафта ичида якунланиши режалаштирилган.
Ал-Ҳол 2019 йилда ИШИД мағлуб этилганидан кейин 73 минггача одамни қабул қилган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, у ерда тахминан 24 минг киши қолган — уларнинг катта қисми суриялик ва ироқликлар, шунингдек 40 га яқин давлат фуқаролари ҳам бор. 6 мингдан ортиқ хорижликлар, жумладан, Россия, Кавказ ва Марказий Осиёдан келган аёллар ва болалар юқори хавфсизлик ҳудудида сақланган.
Европа Иттифоқининг 11 давлати ҳозиргача қарийб минг нафар фуқаросини лагерлардан қайтарган. Бироқ кўп давлатлар репатриация масаласида ҳануз эҳтиёткор.
Шу орада АҚШ минглаб ИШИД гумондорларини – асосан сурияликлар ва айрим хорижликларни Ироққа ўтказганини билдирган. Улар Ироқда суд қилинади. “Human Rights Watch” эса бу маҳбуслар мажбурий ғойиб бўлиш, адолатсиз суд ва қийноқ хавфига дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Кузатувчилар фикрича, Ал-Ҳолнинг ёпилиши Суриядаги янги сиёсий реалликни акс эттиради. Бироқ минглаб аёл ва болалар тақдири, айниқса фуқаролиги аниқланмаган хорижликлар масаласи ҳали ҳам очиқ қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ироқ ҳукумати Сурия қамоқхоналаридан тахминан 3000 нафар ИШИД аъзосини кўчирган эди.
Live
БарчасиТаровеҳ намозини ўқиш вақтлари эълон қилинди
17 Февраль