“Сузаётган” машиналар: Олмаота кўчалари ҳам сувга ғарқ бўлди (видео)

Олам

image

Кеча, 10 май куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ноқулай об-ҳаво кузатилди – жанубий пойтахтнинг айрим кўчаларини яна сув босди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда табиат ҳодисаси оқибатлари акс этган видеороликлар пайдо бўлган. Гувоҳларнинг қайд этишича, йўлларнинг айрим қисмларида машиналар “сузиб юрган”, пиёдалар эса улкан кўлмакларни айланиб ўтишга мажбур бўлган. Сув босган кўчалар шаҳарнинг турли туманларида видеога олинган. Олмаоталиклар ариқ тизимлари сув оқимига дош бера олмаётганидан шикоят қилган.

Авезов тумани ҳокимлигига кўра, оқибатларни бартараф этиш учун воқеа жойига мутахассислар юборилган. Шунингдек, Ўнгарсинова ва Рискулов кўчалари кесишмасида яшовчи аҳоли ҳам шикоят қилган. Олатау тумани ҳокимлиги сув босиши реконструкция ишлари билан боғлиқлигини маълум қилган.

“Олмаота шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Қарғалинка дарёси ўзанини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Реконструкция давомида пудратчи ташкилот Рискулов шоҳкўчасида жойлашган дарё ўзани орқали ўтиш йўлини ёпиб қўйган. Шу сабабли сув канал орқали ўтмаяпти”, дея тушунтириш берган идора.

Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун у ерга ҳам мутахассислар йўналтирилган. Оқсув кўчасида яшовчи фуқаро эса уйини сув босганидан шикоят қилган – эркак ёмғирдан кейин хоналарга кириб қолган сувни видеога олган. Олатау тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, ҳозирда Оқсув кўчасида илгари умуман мавжуд бўлмаган ариқ тармоғини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Таъкидланишича, шаҳар ҳокимлиги синоптиклар прогнозига таяниб, ёғингарчилик 12 май куни тушгача давом этиши ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, 11 май куни шамол кучайиши кутилмоқда.

“Юзага келиши мумкин бўлган маҳаллий сув босишларининг олдини олиш ва бартараф этиш учун коммунал хизматлар ва пудратчи ташкилотларнинг туну кун навбатчилиги ташкил этилди. Навбатчиликка 104 та махсус техника, 74 та мотопомпа, 12 та ассенизатор машинаси, 425 нафар йўл ишчисидан иборат 75 та тезкор бригада чиқарилди, шунингдек, 2300 қоп қум тайёрланди. Қўшимча равишда, ассенизатор техникаси ва 15 та мотопомпа билан жиҳозланган Олмаота Қутқарув хизматининг навбатчилиги ташкил этилди. Шаҳар Фавқулодда вазиятлар департаменти йўналиши бўйича 53 та махсус техника ва 240 нафар шахсий таркиб жалб этилган”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри кўчаларини ҳам сув босгани ҳақида хабар берилган эди. Шаҳар ҳокимлиги буни Тошкентдаги мавжуд ёмғир сувларини оқизиш тизими бир кеча-кундузда 20 миллиметргача ёғингарчиликни қабул қилишга мўлжалланганини, бироқ кузатилган ёғингарчилик бундан анча кўп бўлгани билан изоҳлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон сув ёмғир Олмаота тошқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг