Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигига директор тайинланди
Жамият
−
07 Май 7219 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Адҳам Юсупович Худойқулов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этиш жоиз, ушбу агентлик 5 май куни қабул қилинган “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ ташкил этилади. Агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини (таълим ташкилотлари) комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказади.
Бунда:
- комплекс давлат аккредитацияси ҳар 5 йилда таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш натижалари асосида ўтказилади;
- махсус давлат аккредитацияси кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилаётган таълим дастурлари бўйича ўқув жараёни бошланишидан олдин ўтказилади.
2025 йил 1 июлдан янги ташкил этиладиган таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш 2 босқичда амалга оширилади:
- 1-босқичда фаолиятни бошлаш учун ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим ташкилотлари ўрнатилган тартибда лицензияланади, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим ташкилотлари хабардор қилиш тартибида ташкил этилади;
- 2-босқичда таълим ташкилотларининг кадрлар тайёрлаш йўлга қўйиладиган таълим дастурлари махсус давлат аккредитациясидан ўтказилади.
Бунда:
- махсус давлат аккредитациясидан ўтмаган таълим дастурлари бўйича таълим олувчиларни ўқишга қабул қилишга йўл қўйилмайди;
- махсус давлат аккредитациясидан ўтмасдан қабул жараёнини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади ва таълим ташкилотига берилган лицензиянинг бекор қилинишига асос бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ректори ва Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори тайинланганди.
Live
Барчаси