Таниқли турк актёри Бурак Дениз ҳибсга олинди
Маданият-санъат
−
09 Апрель 12988 2 дақиқа
Ўнлаб рейтингли сериалларда суратга тушган ва "Маликам, энди қара", “Тун маликаси” фильми билан машҳур бўлган турк актёри Бурак Дениз полициянинг гиёҳвандликка қарши операцияси доирасида Истанбулда қўлга олинди. Бу ҳақда “Habertürk TV” хабар берди.
Прокуратура томонидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиши бўйича қарор чиқарилган 14 кишидан 11 нафари қўлга олинган. Улар орасида Норм Эндер тахаллуси билан танилган рэпер Эндер Эрўғли ҳам бор.
Жорий йилнинг 7 апрель куни тўққиз нафар шоу-бизнес ва кино намояндаси, жумладан, “Сен туғилган уй – сенинг тақдиринг”, “Қуш парвози” сериаллари билан танилган актёр Иброҳим Челикол ва машҳур поп ижрочилари Бенгу, Симге Сағин, Мелек Моссо ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Улар гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, сақлаш ва тарқатишда гумон қилинмоқда.
Туркияда, асосан Истанбулда, сўнгги бир неча ой ичида гиёҳвандликка қарши йирик операциялар мунтазам равишда ўтказилмоқда. Аввалроқ бир неча ўнлаб одамлар, жумладан, таниқли актёрлар, тележурналистлар ва блогерлар ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Февраль ойида Истанбул суди Босфор қирғоғидаги беш юлдузли “Bebek” меҳмонхонаси фаолиятини тўхтатди. Полиция маълумотларига кўра, ушбу меҳмонхонада маҳаллий элита вакиллари гиёҳванд моддалар истеъмол қилган зиёфатлар ўтказилган.
Live
Барчаси