Тбилисида сайловлар фонида оммавий намойишлар бошланди (видео)
Олам
−
04 Октябрь 3420 2 дақиқа
Бугун, 4 октябрь куни Грузияда ўтказилаётган маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар давомида пойтахт Тбилисида норозилик акциялари бошланди. Бу ҳақда “Interpress” ва “Ambebi” хабар берди.
Руставели проспектидаги намойиш маҳаллий вақт билан соат 16:00 да бошланган. Намойишчилар йўлни тўсиб, парламент биноси олдида тўпланган. “Ambebi” нашрининг маълумотига кўра, яна бир гуруҳ одамлар Озодлик майдонида – Авлиё Георгий ҳайкали олдида тўпланган.
Акция иштирокчилари Меликишвили проспектини тўлиқ тўсиб қўйиб, “Адолатсизлик қонунга айланса, қаршилик кўрсатиш – бурчдир!” деган ёзувли баннерлар ҳамда Грузия давлат байроқларини кўтарган. Улар “Грузия! Грузия!” деб шиорлар билан юрмоқда.
“Interpress”нинг ёзишича, талабалар митингнинг мақсадини “ватан учун кураш” деб атаган. Улар амалдаги ҳокимият, жумладан, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси асосчиси Бидзина Иванишвили ва Бош вазир Ираклий Кобахидзени Россия билан яқин алоқада бўлишда айбламоқда.
“Биз келажагимиз эркин ва мустақил бўлишини истаймиз. Бизнинг ягона мақсадимиз – ватан учун кураш”, дейди митинг иштирокчиларидан бири “Interpress”га.
У ҳокимиятдаги ўзгаришлар тинч йўл билан бўлишини ёқлаб чиққан.
Нашрга кўра, Грузия пойтахтининг марказий проспектида норозилик намойишлари қарийб бир йилдан бери давом этмоқда. Намойишчилар янги парламент сайловларини ўтказишни ва акциялар вақтида қўлга олинганларнинг озод қилинишини талаб қилмоқда.
Маълумот учун, бугун, 4 октябрь куни Грузияда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар ўтказилмоқда. Маҳаллий вақт билан соат 15:00 ҳолатига сайловчиларнинг қарийб учдан бири овоз бериш жойларига ташриф буюрган. Овоз бериш соат 8:00 да бошланган ва 20:00 да якунланади.
Сайловларда 12 та сиёсий партия иштирок этмоқда. Тбилисида, шунингдек, мер сайлови ҳам ўтказилмоқда, унда тўққиз нафар номзод рўйхатга олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Ираклий Кобахидзе мамлакат Абхазия ва Жанубий Осетия билан куч ишлатмаслик (ҳужум қилмаслик) бўйича шартнома имзолашга тайёр эмаслигини билдирганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь