ТДПУ ўрнида Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил қилинади
Жамият
−
21 Апрель 9709 3 дақиқа
Тошкент давлат педагогика университетини трансформация қилиб, Ўзбекистон миллий педагогика университетини ташкил этиш, келажак педагоглари лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 21 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда педагоглар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида таълим тизими ислоҳотлари устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Бу йилги давлат дастурида ҳам мактабларда шароитларни яхшилаш, ёш авлодни билимли этиб тарбиялаш бўйича кўплаб вазифалар қўйилган. Бу, кўп жиҳатдан, ўқитувчиларнинг билим ва малакасига боғлиқ. Ўзбекистонда 15 та давлат ва 61 та нодавлат олийгоҳида педагогика йўналиши бор. Лекин улардаги илмий салоҳият атиги 40 фоиз атрофида.
Қабулларнинг катта қисмини ижтимоий йўналишлар ташкил этади. Аниқ ва табиий фанлар бўйича педагоглар тайёрлаш жуда кам. Талабаларнинг 40 фоизи сиртқи таълимда ўқияпти. Шу боис Тошкент давлат педагогика университетини трансформация қилиб, Ўзбекистон миллий педагогика университетини ташкил этиш, келажак педагоглари лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Университет барча ҳудудлардаги педагогика институтлари учун таянч олийгоҳ бўлади.
“Янги Ўзбекистон” университетида 40 дан зиёд чет эллик ўқитувчи ва 30 нафар ўзбекистонлик зиёли фаолият юритмоқда. Талабалар ўзларининг турли йўналишлардаги лойиҳаларига жами 24,3 миллиард сўмлик грантлар жалб қилган. Бу салоҳиятдан фойдаланиб, университетда муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, тиббиёт каби замонавий соҳаларда мутахассислар тайёрлашни ривожлантириш, янги лабораториялар очиш режалари тақдимот қилинди.
Шунингдек, олийгоҳда илм-фан, таълим ва амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида Германиянинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда замонавий университет клиникасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Таълим сифатини аниқлашда ҳам халқаро услублар жорий этилмоқда. Бу йил 233 та мактабдаги 9 минг нафар 15 ёшли ўқувчининг билими PISA халқаро дастури орқали баҳоланади.
Ҳозирги кунда 2 мингта мактаб юқори юклама билан ишлаяпти. Бу йил бюджет ҳисобидан 112 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил этилади. Аҳоли ўсиши ҳисобига, мактабларга эҳтиёж ҳам ортиб боради. Шу боис Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб этиб, ҳудудларда 58 та замонавий мактаб қурилиши режалаштирилган.
Таҳлилларга кўра, мактаб ёшидаги болаларнинг 80 фоизи интернет ва ижтимоий тармоқларда фаол. Уларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича муайян ишлар олиб борилаяпти. Лекин, ёшлар таълим-тарбиясига кучли таъсир кўрсатадиган, қизиқарли миллий контентлар яратаётган ижодкорлар саноқли.
Шулардан келиб чиқиб, болаларга хавфсиз ахборот муҳитини яратиш, миллий контентларни кўпайтириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президентнинг 26 март куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан жорий йил 1 июндан бошлаб нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг амалдаги миқдорлари 5 бараварга оширилиши хабар қилинган эди.
Live
Барчаси