Тил сертификати йўқ ўқитувчиларни ишдан бўшатиш бўйича кўрсатма берилмаган – вазирлик
Жамият
−
14 Август 12605 2 дақиқа
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги халқаро тил сертификати йўқ ўқитувчилар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан расмий кўрсатма бермаган. Бу ҳақда вазирликнинг Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари республика кенгашига йўллаган жавоб хатида сўз боради.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги “Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 312-сон қарорининг 9-бандига (давлат таълим муассасалари хорижий тиллар ўқитувчилари учун хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси бўйича қуйидаги талаблар белгилансин) мувофиқ, 2025-2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таклифига кўра, жорий йилнинг август ойида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан хорижий тил ўқитувчилари учун чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича қўшимча тест синовлари ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
“Шунингдек, вазирлик томонидан ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларига жорий ўқув йилидан бошлаб хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси бўйича камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан расмий кўрсатма берилмаганлиги маълум қилинади”, дейилади жавоб хатида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари республика кенгаши халқаро тил сертификати йўқ ўқитувчиларни ишдан бўшатмаслик бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритганди.
Live
Барчаси