Тошкент метросида “свет” ўчиб қолди (видео)
Жамият
−
04 Июнь 2531 1 дақиқа
Бугун, 4 июнь куни электр билан боғлиқ муаммолар сабабли Тошкент метрополитени фаолиятида узилиш кузатилди. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК хабар берди.
Қайд этилишича, соат 12:41 атрофида Тошкент метрополитенининг “Ўзбекистон”, “Чилонзор” ҳамда “Юнусобод” йўналишларида шаҳар электр тармоқларида юзага келган юқори кучланишдаги узилиш сабабли электр таъминотида қисқа муддатли узилиш кузатилган. Мазкур ҳолат метро поездлари ҳаракати ҳамда бекатлардаги ёритиш тизимлари фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатган.
Вазият метрополитен мутахассислари томонидан зудлик билан назоратга олиниб, электр таъминоти тўлиқ тиклангунга қадар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида захира генераторлари ишга туширилган. Ушбу тизимлар ёрдамида метрополитен фаолияти узлуксиз назорат қилиниб, поездлар ҳаракати хавфсизлиги таъминланган.
Билдирилишича, ҳозирги вақтда электр таъминотида қисқа узулишлар кузатилмоқда, метро поездлари ҳаракати масъул ходимлар томонидан назорат қилинмоқда.
“Юзага келган ноқулайликлар учун йўловчиларимиздан узр сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент метросининг “Халқлар дўстлиги” бекатига кириб борган 1984 йилда ишлаб чиқарилган 15-сонли ҳаракат таркибида қисқа муддатли техник носозлик аниқланганди.
Live
Барчаси