Тошкент-Урганч рейсининг қимматлиги ва бир ҳафта олдин чипта қолмаслиги танқид қилинди
Жамият
−
02 Май 9210 2 дақиқа
Бугун, 2 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда Тошкент-Урганч рейсининг қимматлиги ва бир ҳафта олдин чипта қолмаслиги танқид қилинди.
Қайд этилишича, маҳаллий рейсларнинг 95 фоизи “Ҳаво йўллари” ва “Silk Avia” авиакомпанияларига тўғри келади. Қолган 14 та рейсни 4 та маҳаллий авиакомпания амалга ошираяпти.
Сабаби ички рейслар жозибадор эмаслиги учун хусусий компаниялар асосан хорижга қатнаяпти. Ички бозорда рақобат бўлмагани учун, Тошкент-Урганч йўналишида бир ҳафта олдин чипта қолмайди, нархи қиммат.
“Бу ҳолатда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳлар ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради”, деди Президент.
Шу муносабат билан мутасаддиларга хусусий компанияларни жалб қилиб, Тошкентдан Урганчга қатновларни 2 карра ошириш топширилди. Барча резидент компанияларга ички рейсларни субсидиялаш бўйича қарор ишлаб чиқиб, киритиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, дам олиш кунлари поездлар таркибига қўшимча вагон улаб, йўловчи ташишни 1,5 баробарга кўпайтириш топширилди.
Қорақалпоғистондан Хоразмга келадиган йўл сифати ёмонлиги боис йилига қўшимча 300-400 минг турист жалб қилиш имконияти йўқотилаётгани қайд этилди.
Масъулларга “Урганч – Гурлан – Манғит” йўлини реконструкция қилиш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан музокара ўтказиш, 10 та туманни ўзаро боғловчи ички йўлларни таъмирлаш учун Осиё инфратузилма ва инвестиция банкидан 75 миллион доллар жалб қилиш топширилди.
Live
Барчаси