Тошкент ва Фарғонада “закладчик”лар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
21 Январь 3954 2 дақиқа
Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситаларини харидорларга етказиб бериш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда пойтахт ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бектемир тумани ҳудудида “закладка” қўйишни режалаштирган, Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида доимий рўйхатда турувчи 1992 йилда туғилган шахс ушланиб, унинг ёнида 6 гр “гашиш” ва 5 гр “мефедрон” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланган ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, у устачилик қилаётган Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги янги қурилаётган ҳовли уй кўздан кечирилганда, у ердан жами 1 кг 700 гр “гашиш” ва 500 гр “мефедрон” ашёвий далил сифатида олинган. Шунингдек, унинг доимий истиқомат қилувчи Зафаробод туманидаги уйидан ҳам 800 гр “мефедрон” синтетик наркотик моддаси топилган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда эса Қўштепа тумани томон ҳаракатланаётган Spark русумли автотранспорт воситаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Тошлоқ тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган Қўштепа туманида яшовчи, 2007 йилда туғилган фуқарога тегишли болалар сумкасида Қирғизистон Республикасидан келтирилган 969 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган. Терговга қадар текширув давомида, унинг ҳақиқий эгаси Фарғона шаҳрида яшовчи, 2006 йилда туғилган шахс экани аниқланиб, у қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара орқали 19 килограммдан ортиқ гашишни олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланган эди.
Live
Барчаси