Тошкент вилоятида 12,3 кг наркотикни сотишга уринганлар ушланди
3-саҳифа
−
25 Ноябрь 1808 2 дақиқа
Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида 12,3 кг гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Зангиота туманидан бўлган 47 ёшли фуқаро А.А. нинг яшаш хонадонидан 5 кг ҳамда Қибрай туманида истиқомат қилувчи 51 ёшли Д.А. нинг уйидан эса 2 кг 326 гр “марихуана” гиёҳвандлик воситаси олинган. Аниқланишича, ҳар икки қонунбузар ҳам наркотик моддани ўз уйида етиштириб, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бошқа ҳолатда эса Россия Федерациясидан олиб келинаётган гиёҳвандлик воситаси ДХХ ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари саъй-ҳаракати билан тўхтатиб қолинган. Жумладан, Тошкент туманидаги “Навоий” чегара божхона постига Қозоғистондан кириб келган – Тошкент шаҳрида яшовчи, 36 ёшли А.А. ҳамда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида яшовчи, 31 ёшли М.А. га тегишли 2 дона редуктор текширилганда, унинг ичида 4 кг 965 гр “Клефедрон” синтетик наркотик моддаси борлиги маълум бўлган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Тошкент шаҳрида наркотикни қабул қилиб олган уларнинг яна 3 нафар шериги – Э.Б., И.И. ва О.Ж. ҳам қўлга олинган.
Аниқланишича, наркотик модда турли мессенжерлар орқали гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи Россия Федерацияси фуқароси томонидан юборилган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми ва 25,273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида муқаддам судланган 59 ёшли наркосавдогар қўлга олинганди. У 993 грамм “опий” моддасини шартли харидорга 15 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Live
Барчаси