Тошкентда ҳаво ҳамон ифлос. Ундан нафас олиш саломатликка қандай таъсир қилади?
Интервью
−
27 Ноябрь 4644 4 дақиқа
Бир вақтлар пандемия рамзига айланган тиббий ниқоблар энди тошкентликлар учун чангдан ҳимоя қалқони бўлиб хизмат қилмоқда. Вирус, инфекция ва бактериядан ҳимоя қилишга мўлжалланган мазкур воситаларнинг майда PM 2,5 заррачаларини тутиб қолишга қодир эмаслиги маълум бўлса-да, одамлар ҳар ҳолда шу йўл билан ўзларини ҳимоя қилишга уринмоқда.
Сўнгги кунларда ҳавонинг ифлосланиши кун мавзусига айлангани барчага маълум. 20 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича 2-ўринга чиқди. Бунга асосий сабаб ҳавода заҳарли PM 2,5 заррачаларининг меъёрдан бир неча баробар ортиб кетишидир.
Мутахассислар фикрича, ҳаводаги ифлосланишнинг 36 фоизи табиий чанг ҳисобига, 28 фоизи эса иссиқлик таъминотидан чиқаётган заҳарли тутунлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бундан ташқари, қурилиш объектларидан чиқаётган чанг, транспорт воситалари ва саноат корхоналари томонидан ҳавога чиқарилаётган заҳарли газларнинг сезиларли даражада таъсири бор. Маълумотларга кўра, 2024 йилда Тошкент шаҳри атмосферасига 405,6 минг тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилган.
“Ҳавонинг ифлосланишига асосий омил нима?”, деб шаҳар аҳолисига юзланганимизда улардан ўхшаш жавобларни олдик: яъни қурилиш объектларининг кўплиги, дарахтларнинг аёвсиз кесилиши, транспорт воситаларининг кўплиги….
“Тўғрисини айтайми, ҳаво ифлосланишига асосий сабаб дарахтларни кесиб ташлаш. Дарахтлар жуда кўп кесиб ташланди. Дарахтларни бу даражага етказишни ўзи бўлганмиди?”, дейди респондентларимиздан бири.
Ҳаво ифлосланиши ва уларнинг сабаблари ҳақида кўп гапирамиз. Аммо, бу жараёнинг соғлиққа қандай зарар етказиши ҳақида аниқ тушунчалар йўқ. Айниқса, PM2,5 заррачалари ўзи нима ва улар нафас йўлига қандай таъсир қилади?
Шу саволга жавоб олиш мақсадида соҳа мутаҳассиси, аллерголог шифокор Нодирбек Тўраев билан боғланганимизда, у бундай чанг зарралари бевосита нафас олиш йўли орқали ҳатто қон-томиргача етиб бориб, бутун тана бўйлаб айланиши мумкинлигини таъкидлади.
“Бу ҳаводаги чанг заррачаларининг размери яъни ҳажми, 2.5 нанометр. Битта мисол қилиб келтираман, бизнинг ўпкамизда энг охирги “авеола”гача борадиган тешикни катталиги 5 нанометр. Бу 2,5 даража дегани. У тешикдан бемалол ўтиб қайта олади дегани. PM10 дегани бу ўпкани ичигача, яъни авеоллагача, газ алмашинуви содир бўладиган жойгача етиб бораолмайдиган чанг зарраси дегани. Бу юқори нафас йўлларида қолиб кетади: бурун бўшлиғида оғиз бўшлиғида…. Буни оддий йўтал ёки бурун оқиши кўринишида чиқариб юборамиз. Бу биз учун зарарсиз”, дейди аллерголог.
Шаҳар аҳолисидан олинган сўровнамалар натижасига кўра, чангли ҳаво саломатликка жиддий таъсир қилиб, сурункали йўтал ҳолатларига олиб келмоқда. Табиийки, ҳаво сифатининг бузилиши инфекцион ва алергик кассаликларга чалинган инсонларга жуда тез таъсир қилади. Бунинг сабаби нима?
“Нафақат алергияси бор бўлган беморларда, юқори нафас йўлларида кассалик ўтказаётган ҳар қандай ҳолат, яъни фақат аллергик эмас, инфецион кассаликлар, пневмония, бронхит ҳолатлари, вирусли кассаликлар ёки оддий грип бўламизми…. Ҳар қандай ҳолатда PM даражаси 2,5дан кичик бўлган заррачалар бизга кучли таъсир кўрсатади…”, дейди шифокор.
Шифокорнинг фикрича, ҳаводаги чанг заррачаларининг кўпайиши биринчи навбатда ёш болаларга катталарга қараганда жуда тез таъсир қилади. Сабаби болаларнинг бўйи паст бўлади. Чанг тўпламлари асосан ҳавонинг пастки қисмида еғилади ва болалар чангли ҳаводан кўпроқ нафас олади. Бундан ташқари, ёш болаларнинг имун тизими, шиллиқ қавватлари, ўпка системаси ҳам тўлиқ ривожланмаган бўлади. Шу сабабли, болаларнинг кассаликка чалиниши жуда юқори. Кейинги навбатда, ҳомиладор аёлларнинг саломатлигига бундай чанг заррачалари бевосита таъсир қилади.
“Ўша PM 2.5 заррачалари ҳоҳлаймизми, ҳоҳламаймизми онанинг нафас йўллари орқали қонга ўтдими - бевосита қондан болага ҳам ўтади. Болани ҳам зарарлайди…”, дейди шифокор.
ЖССТ томонидан берилган тавсияларга кўра, чангли ҳавода ниқобдан фойдаланиш, зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик каби профилактик чораларни кўриш тавсия қилинмоқда. Аммо, аҳолининг кўп қисми бундай чоралар самарасиз эканини таъкидлади.
“Сиз кўчага чиқдингиз, биринчи навбатда ҳаводаги чанг зарралар миқдорини кўрсатадиган иловани юклаб олинг. Кўчага чиқишдан аввал билинг ҳолат қандай, агар ҳавода чанг зарралари кўп бўлса, оддий ниқоблардан эмас, балки N95 респираторли ниқоблардан фойдаланинг. Сабаби уларда ўзининг алоҳида фильтри бор. Бундан ташқари, оғиз-бурунни чайиш. Аёлларда энг катта муаммо бу соч, яъни соч жуда кўп чанг йиғади. Шу сабабли, кўчага чиққандан сўнг душ қабул қилиш, оғиз-бурунни оддий тузли сувда ёки халқ биладиган “фурацилинли сувда” ғарғара қилиш ёки чайиш жуда яхши таъсир қилади…”, дейди аллерголог.
“Қачон тоза ҳаводан тўйиб нафас олиш мумкин?”, деган саволга ҳеч кимда аниқ бир жавоб йўқ. Кўрилаётган чоралар эса ҳали бирор ўзгариш олиб келмади.
Live
Барчаси