Тошкентда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлар 2 млрд сўм жаримага тортилди
3-саҳифа
−
08 Ноябрь 2836 1 дақиқа
Тошкент шаҳрида чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаган ва санитария қоидаларини бузган шахсларга нисбатан 2 миллиард сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, “Халқ назорати” платформаси орқали фуқаролардан экологияга оид 62 863 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шуларнинг 60 906 таси ҳал этилган.
Шулар доирасида чиқиндилар билан боғлиқ 3 696 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 2 миллиард сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган.
Шунингдек, 812 та махсус техника ёрдамида 585 та маҳалла ҳудудидан 14 минг тонна маиший ва қаттиқ чиқиндилар чиқарилиб, полигонларга жойлаштирилган. 8 573 та кўп қаватли уйлар ҳудуди тозаланган, 2 890 туп дарахт парвариш қилиниб, декоратив шакл берилган.
Шаҳар бўйлаб санитария ҳолатини ўрганиш жараёнида 594 та объект текширилиб, 365 тада қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва бартараф этилган.
Билдирилишича, шаҳар маҳаллалари, кўп қаватли уйлар ҳамда сув ҳавзалари чиқиндилардан тозаланмоқда. Белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш, атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.
Белгиланган тартибни бузган фуқаролар ва ташкилотларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланиб, бу борада профилактика ишлари кучайтирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 42 та маиший чиқинди полигони тугатилиб, ерлар табиатга қайтарилганди.
Live
Барчаси