Тошкентдаги пулли “парковка”ларда аҳоли учун имтиёз берилади
Олам
−
11 Сентябрь 4303 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида пулли тўхташ жойлари ташкил этилган кўчалардаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун махсус имтиёзлар яратилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлигининг Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, имтиёзлар доирасида пойтахт аҳолиси учун резидентлик рухсатномалари жорий этилиб, рухсатнома эгалари ўз маҳалласи ҳудудидаги тўхташ жойларидан сутканинг кечки пайтидан тонггача имтиёзли шартларда фойдаланиш имконига эга бўлади. Шунингдек, кундузги вақтда ҳам муайян чегирмалар берилади, байрам ва дам олиш кунларида эса янада кенгроқ имтиёзлар тақдим этилади.
Билдирилишича, ҳозирги кунда резидентлик рухсатномаларини электрон тартибда олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция ишлари олиб борилмоқда. Жараёнлар жорий йилнинг ноябрь ойига қадар якунланиши режалаштирилган.
Ушбу ишлар якунланганидан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, рухсатнома бериш тартиби, амал қилиш муддати, ҳуқуққа эга бўлувчи фуқаролар тоифаси, тақдим этиладиган имтиёзлар рўйхати аниқ белгиланади.
“Қарор қабул қилинган вақтда ҳамшаҳарлар танишиб чиқишлари учун белгиланган тартибда эълон қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, шаҳарда пулли “парковка” нархлари тасдиқланган эди. Қарорга мувофиқ, 5 та тариф зонаси мавжуд ва уларнинг нархи зонадаги “парковка”га бўлган талабга қараб ўзгаради. Хусусан, биринчи зона шаҳар марказини ва тўхташ жойларига бўлган эҳтиёж юқори бўлган энг тирбанд ҳудудларни қамраб олади ва улардан фойдаланиш соатига 12 000 сўмни ташкил этади. Аксинча, бешинчи зона – энг чекка ва кам гавжум ҳудудлар учун нарх 5 000 сўм этиб белгиланган.
Live
Барчаси