“Мингўрик – “Ипподром” йўналишида янги метро линияси қурилиши мумкин

Жамият

image

“Мингўрик – Чилонзор буюм бозори” йўналишида янги метро линияси қурилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 13 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган Тошкент метрополитенида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инфратузилмадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, 2030 йилгача метрополитенда кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш, метро бекатлари сонини 79 тага, линиялар узунлигини 103 километргача ошириш мақсад қилинган. Шунингдек, поездлар ҳаракати интервалини босқичма-босқич 1,5-3 дақиқагача қисқартириш кўзда тутилган.

Метрополитен инфратузилмасини яхшилаш ва молиявий соғломлаштириш бўйича ҳам қатор чоралар белгиланмоқда. Жумладан, 2026-2028 йилларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва фуқаро муҳофазаси объектлари техник базасини такомиллаштириш чоралари кўрилади.

Йўловчилар хавфсизлигини кучайтириш мақсадида “Шаҳристон” метро бекати платформаларида синов тариқасида ойнали ҳимоя тўсиқларини ўрнатиш таклиф этилган. Халқаро тажрибага кўра, бундай тўсиқлар платформалардаги бахтсиз ҳодисаларни 80-90 фоизгача камайтириш имконини беради. Шу билан бирга, улар қўшимча реклама майдонларини яратиш орқали даромадларни оширишга ҳам хизмат қилади.

Яна бир муҳим йўналиш – янги линиялар қурилиши. Хусусан, “Мингўрик – Чилонзор буюм бозори” метрополитен линияси бўйича лойиҳа баҳолаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Биринчи босқичда “Мингўрик – Жанубий вокзал” йўналиши, иккинчи босқичда эса “Жанубий вокзал – Чилонзор буюм бозори” йўналишини қуриш имкониятлари ўрганилади. 

Президент жамоат транспорти, айниқса, метрополитен йирик шаҳар ҳаётида энг муҳим инфратузилмалардан бири эканини таъкидлаган. Шу боис, хизмат сифати, хавфсизлик, молиявий барқарорлик ва замонавий бошқарувни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда ривожлантириш зарурлиги қайд этилган. Тақдим этилган таклифлар маъқулланиб, уларни амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент метрополитен метро линияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг