Тожикистон қандолатига бизда бож йўқ, бизникига эса бор – тадбиркор (видео)
Олам
−
21 Январь 9952 2 дақиқа
Бугун, 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси элчилари ва импортёр тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркор Бекзод Самигжанов Тожикистон бозорига чиқишда юзага келаётган бож муаммосини кўтарди. Бу ҳақда учрашувда қатнашган QALAMPIR.UZ журналисти хабар бермоқда.
Тадбиркорнинг маълум қилишича, у ҳозирда Қозоғистонда ўнга яқин дўкон очган, аммо у ерда Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштиришда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Хусусан, бир неча йил давомида тайёрланган ходимларидан бири депортация қилинган.
“Агар ҳеч бўлмаса 4-5 нафар ходимимизни ўз корхонамизга расман ишга жойлаштириш имкони бўлса, муаммоларимиз ҳал бўларди. Айнан шу ҳолат биз учун катта қийинчилик туғдиряпти”, деди у.
Шунингдек, тадбиркор ўз маҳсулотларини Тожикистонга экспорт қила бошлаганини, бироқ қўшилган қиймат солиғидан ташқари 15 фоизлик бож тўлашга мажбур бўлаётганини таъкидлади. Айни пайтда эса Тожикистонда ишлаб чиқарилган қандолат маҳсулотлари Ўзбекистон бозорига божсиз кириб келаётгани қайд этилди. Тадбиркор ушбу номутаносибликни бартараф этишда ёрдам сўради.
Мурожаатни тинглаган Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Тожикистон билан бундай масалалар кўпайиб бораётганини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчисига Инвестиция вазирлиги билан ҳамкорликда март ойида ўтказилиши режалаштирилган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида ушбу муаммони кўтариш вазифасини юклади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон ўзбекистонлик экспортчиларга юқори қийматда бож қўллаётгани учун жавоб қайтариш масаласи кўтарилган эди.
Live
Барчаси