Тожикистонда қурилаётган энг катта стадионга ўт кетди (видео)

Олам

image
Стадион, сирлар ва Жапаров идораси: Қирғизистондаги мега-лойиҳани ким қуряпти? north_east

Стадион, сирлар ва Жапаров идораси: Қирғизистондаги мега-лойиҳани ким қуряпти?

Бугун, 20 август куни эрталаб Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида қурилаётган футбол аренаси – келажакда Тожикистондаги энг йирик стадион бўлиши кутилаётган иншоотда ёнғин чиқди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса жойига бир нечта ёнғин ўчириш бригадалари етиб бориб, олов тезда бартараф этилган. Ёнғин сабаблари ва етказилган зарар ҳажми ҳозирча номаълум.

Янги стадионнинг ўзи 9,5 гектар майдонни эгаллайди ва қурилиш битганидан сўнг 30 минг томошабинни сиғдира олади. У Тожикистонда халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказишга имкон беради ва мамлакат футболи ҳамда спорт маданиятининг ривожига хизмат қилиши кўзда тутилган. Лойиҳа 2019 йилда бошланган бўлиб, қурилишни 2026 йилда, Тожикистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб якунлаш режалаштирилган. Иншоот Хитой компанияси томонидан FIFA лойиҳалари доирасида барпо этилмоқда.

Стадионда икки қаватли тўрт қатордан трибуна, 18 метрдан баландликда юқори мартабали меҳмонлар учун 448 ўринли махсус жой, 9 метр баландликда сайр майдончаси, шунингдек, барча зарур инфратузилма – кийиниш хоналари, душ, тиббиёт пунктлари, спорт заллари, кафе ва 2000 автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ бўлади. Шунингдек, 72 телевизион монитор ва 312 махсус чироқ ўрнатилиши режалаштирилган. Томошабинлар қулайлиги учун Варзоб ва Лучоб дарёлари устидан икки кўприк қурилади.

Стадион ҳудудида Тожикистон Футбол федерацияси президенти Рустам Имомалининг ташаббуси билан Тожикистон миллий футбол тарихига бағишланган музей ҳам очилиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида мамлакат Президенти Имомали Раҳмон ва Душанбе ҳокими Рустам Имомали миллий стадиондаги қурилиш жараёни билан танишиб, унда 720 дан ортиқ мутахассис ва ишчи меҳнат қилаётганини таъкидлаган. Ўша вақтда ер текислаш, металл конструкцияларни ўрнатиш, электр ва интернет кабелларини ётқизиш, сув таъминоти, иситиш ва шамоллатиш тизимлари, ички безак ҳамда плитка ишлари амалга оширилаётгани айтилган. Давлат раҳбари қурилишни барча стандарт ва талабларни инобатга олган ҳолда, сифатли бажариш лозимлигини топширган.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин Тожикистон Душанбе стадион

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг