Трамп Хитой ва Россия билан ядровий арсенални қисқартиришни муҳокама қилмоқчи
Олам
−
15 Ноябрь 2025 2167 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия ва Хитой вакиллари билан ядровий қуролларни қисқартириш масаласини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказиш истагини билдирди. Бу ҳақда у Флоридага сафари чоғида журналистларга маълум қилди.
Трамп АҚШнинг яқин келажакда ядровий синовлар ўтказиш ниятини ҳам тасдиқлади.
“Мен нима қилишни истардим, денуклеаризация, бошқача қилиб айтганда, биринчи навбатда, учта йирик мамлакат ўртасида ядровий қуролни камайтириш бўйича учрашув ўтказишдир”, деди у.
CNN маълумотларига кўра, энергетика ва ядро сиёсатига масъул бўлган юқори мартабали маъмурият вакиллари Оқ уй ва Миллий хавфсизлик кенгаши вакиллари билан учрашишни режалаштирмоқда. Учрашувдан мақсад Трампни ядровий қурол синовларини қайта тиклашдан воз кечишга кўндиришдир. Бироқ, АҚШ Энергетика вазирлиги матбуот котиби Бен Дитдерих бу маълумотни рад этди. Унинг таъкидлашича, Трамп маъмурияти барча вариантларни ўрганиб чиқмоқда ва ядровий синовларни бошқа давлатлар қаторида кенгайтириш тарафдори.
30 октябрь куни Трамп Пентагонга бошқа давлатлар билан тенг равишда ядровий қурол синовларини бошлаш ҳақида кўрсатма берган эди. Кейинроқ у бошқа давлатлар ҳам бундай синовларни ўтказаётганига ишонишини таъкидлаб, Қўшма Штатлар энг йирик ядро арсеналига эга экани, лекин кўп йиллардан буён синовлар ўтказмаганини таъкидлади. “The Washington Post” газетасининг 31 октябрь куни ёзишича, АҚШ ядровий синовларини қайта тиклаш йиллар талаб қилиши ва мамлакатга миллионлаб доллар зарар келтириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп журналистлар билан суҳбат чоғида ерости ядровий синовларини қайта бошлаш масаласига аниқ жавоб бермаганди.
Live
Барчаси