Трамп Мирзиёевга кепка совға қилди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Кристофер Ландау ва бошқа расмий шахслар ҳам иштирок этди. Унда Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларининг жорий йил 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида Сержио Гор Президент Мирзиёевга АҚШ Президенти Дональд Трампнинг саломи ва самимий тилакларини етказди.

Жадал сиёсий мулоқот, турли даражалардаги алмашинувлар ва фаол ишбилармонлик алоқалари йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.

Қабул қилинган “йўл харитаси” асосида саноат, молия, муҳим минераллар, энергетика, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш долзарблиги таъкидланди. Томонлар хавфсизлик, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳаларида шерикликни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан келгуси ҳафта Вашингтон шаҳрида С5+1 форматидаги саммитни ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув сўнггида Гор Ўзбекистон етакчисига Трамп номидан юборилган бир қатор совғаларни топширди.

Ўзбекистонга келгач, Сержио Гор ва Кристофер Ландау 25 октябрь куни АҚШ компаниялари билан ўзаро фаровонликни юксалтиришнинг кўплаб имкониятлари ҳақида суҳбатлашди. 6 октябрь куни эса улар Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан танишган. Элчихона эълон қилган расмлардан АҚШ расмийлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва “Чорсу” бозорига борганини кўриш мумкин. Уларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник ҳамроҳлик қилган.

27 октябрь куни эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Гор билан учрашди

Маълумот учун, Сержио Гор 1986 йил 30 ноябрда Тошкентда туғилган ва кейинчалик АҚШда таълим олган. У сиёсий фаолиятини республикачилар партияси доирасида олиб борган, Дональд Трамп жамоасида турли лавозимларда ишлаган ва унинг энг яқин сафдошларидан бири сифатида танилган. Гор Оқ уйда Президент Кадрлар бошқармаси директори сифатида фаолият юритган, шунингдек, сиёсий кампанияларда ҳам фаол қатнашган. 2025 йил 22 август куни Дональд Трамп уни Ҳиндистондаги элчи лавозимига номзод қилиб кўрсатган. Ҳозирда у Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакил сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз,  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси тадбирлари доирасида ўзи учун ажратилган қароргоҳда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп Сержио Гор Кристофер Ландау

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг