Трамп яна 5 млрд долларлик ёрдамни қисқартирмоқчи
Олам
−
29 Август 3378 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти хорижий ёрдамни яна 5 миллиард долларга қисқартирмоқчи. Бу ҳақда “New York Post” хабар берди.
Трамп маъмурияти томонидан ажратилиши тўхтатилган пуллар турли дастурларга йўналтирилиши керак эди. Жумладан, 1,5 миллион доллар украиналик аёлларни қўллаб-қувватлашга, 24,6 миллион доллар Марказий Америкадаги Гондурас давлатида юз бераётган иқлим ўзгаришига қарши курашишга, 2,7 миллион доллар эса Жанубий Африканинг Демократияни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини яхшилашга йўналтирилиши режалаштирилган.
Қисқартиришлар инобатга олинган ҳолда 3,2 миллиард доллар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги томонидан (USAID) қопланади, қолган қисми эса Давлат департаментига қарашли бошқа фондлардан олиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Оқ уй БМТнинг тинчликпарварлик миссиялари учун ажратилган 838 миллион долларни ҳам қайтариб олмоқчи. Бу маблағлар Уругвай тинчликпарвар кучлари, Замбияда ўқув маркази барпо этиш ва яна бошқа лойиҳалар учун ажратилган эди.
Қайд этиш жоиз, АҚШ Давлат департаменти жорий йилнинг 1 июль кунидан бошлаб USAID’ни расмий равишда ёпди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога кўра, бу қарор агентлик фаолиятининг самарасизлиги билан изоҳланмоқда.
Умуман олганда, Трамп янги муддатга келганидан буён USAID’ни тинч қўйгани йўқ. У президентлик лавозимига киришган куннинг ўзидаёқ USAID орқали хорижий мамлакатларга кўрсатилаётган ёрдамни 90 кун муддатга музлатиб қўйди.
Ташкилот фаолият тугатилгандан сўнг, АҚШ Давлат департаменти муаммони ҳал қилишга ваъда берганига қарамай, Америка гуманитар ёрдамининг захиралари омборларда чириб кетди. Ташкилотнинг АҚШ ва дунёдаги барча омборларида 60 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари йиғилиб қолган.