Шошилинч: Трамп футбол учун виза гарови талабини бекор қилди

Спорт

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти футбол бўйича 2026 FIFA World Cupʼни томоша қилиш учун келадиган хорижий мухлислар учун 15 минг долларлик виза гарови талабини бекор қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Агар 50 та давлат фуқаролари Жаҳон чемпионати ўйинлари учун амалдаги чипта билан АҚШга сафар қилса, ушбу гаров пулини тўламайди. Мазкур мамлакатларнинг бештаси - Жазоир, Кабо-Верде, Кот-дъИвуар, Сенегал ва Тунис. Улар 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига йўлланма олган.

АҚШ Давлат департаментининг консуллик ишлари бўйича ёрдамчиси Мора Намдарнинг маълум қилишича, Жаҳон чемпионати чиптасига эга бўлган мухлислар учун виза гарови талаби бекор қилинган.

Қайд этилишича, ушбу гаров тизими ўтган йили жорий этилган бўлиб, унинг асосий мақсади виза муддати тугаганидан кейин мамлакатда ноқонуний қолиб кетиш ҳолатларининг олдини олишдан иборат эди. Гаров пули ташриф буюрувчининг АҚШдаги рухсат этилган муддати якунлангач қайтарилиши белгиланган.

Аввалроқ, футболчилар ва мураббийлар ушбу талабдан озод этилганди. Эндиликда эса Жаҳон чемпионати учун тасдиқланган чиптага эга оддий мухлислар ҳам имтиёздан фойдаланади.

ФИФА ушбу қарор Оқ уй билан ҳамкорликда “муваффақиятли ва рекорд даражадаги глобал турнир ўтказиш” йўлидаги муҳим қадам эканини билдирган.

Шу билан бирга, Эрон ва Гаити фуқаролари учун АҚШга кириш чекловлари сақланиб қолмоқда. Бироқ Жаҳон чемпионатида қатнашадиган футболчилар ва мураббийлар бундан мустасно этилган.

АҚШ ҳукумати ўтган йил охирида айрим давлатлардан келадиган саёҳатчилар виза олиш жараёнида ўз ижтимоий тармоқларидаги ҳисоблари ҳақида маълумот тақдим этиши кераклигини билдирганди. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса бу каби текширувлар айрим саёҳатчилар учун мамлакатга киритмаслик, қўлга олиш, кучайтирилган назорат ҳамда ижтимоий тармоқлардаги фаолиятни кузатиш хавфини ошириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Зарнигор Худойбердиева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

виза Трамп совға FIFA World Cup

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг