Трампнинг куёви Исроилда: Ғазода сулҳ жараёни мураккаблашмоқда

Таҳлил

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер кеча, 10 ноябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняху билан учрашди. Учрашув Ғазо бўйича икки йиллик вайронкор урушдан кейин тузилган отишмани тўхтатиш келишувининг иккинчи, анча мураккаб босқичи арафасида бўлиб ўтди.

Кун тартибида – туннелларда қамалган ҲАМАС жангчилари тақдири бўлди. Бу масала Трамп режаси доирасидаги тинчлик жараёни учун синов нуқтасига айланган.

Синовли вазият 

Исроил ҳукуматининг маълум қилишича, Кушнер ва Нетаньяху музокараларда ҲАМАСни қуролсизлантириш, Ғазони демилитаризация қилиш ва бу гуруҳнинг минтақада яна ҳокимиятга келмаслигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилган.

10 ноябрь куни Кнессетда сўзлаган Нетаньяху “Ғазо қуролсизлантирилади – ё осон йўл билан, ё қийин йўл билан”, деб таъкидлади.

Учрашув тафсилотларига хабардор расмийнинг маълум қилишича, музокараларда икки асосий йўналиш – қамалган жангчилар тақдири ва Ғазода халқаро барқарорлаштириш кучини жойлаштириш режаси муҳокама қилинган.

Ҳозирги пайтда Исроил армияси назоратидаги Рафаҳ ҳудуди остидаги туннелларда тахминан 200 нафар ҲАМАС жангчиси бор. ҲАМАС уларни хавфсиз қўйиб юборишни талаб қилмоқда, аммо Исроил бу таклифни рад этмоқда.

АҚШ ва минтақа давлатлари устидан назорат

Исроил ҳукумати вакиллари таъкидлашича, Ғазо бўйича барча қарорлар Трамп маъмурияти билан ҳамкорликда қабул қилинмоқда.

АҚШнинг минтақавий вакили Стив Уиткофф ўтган ҳафта “қамалган жангчиларга қуролсизланиш эвазига хавфсиз йўл бериш масаласи кенг сулҳ режасининг келгусидаги босқичлари учун синов сифатида кўрилаётганини” айтган.

Бироқ икки Ғарб дипломатининг билдиришича, Исроил ҲАМАС жангчиларига ҳеч қандай “чиқиш йўли” бермаслик тарафдори – на Ғазонинг бошқа ҳудудига, на Мисрга.

ҲАМАС ва медиаторлар позицияси

ҲАМАС расмийсининг сўзларига кўра, музокаралар давом этмоқда. У гуруҳ “Исроилга сулҳни бузиш учун баҳона бермасликка” интилаётганини айтди, бироқ жангчилар таслим бўлишини рад этди.

Бошқа фаластинлик манбанинг маълум қилишича, воситачилар жараённи тезлаштирган, чунки жангчиларни мажбуран таслим қилишга уриниш бутун отишмани тўхтатиш келишувини хавф остига қўйиши мумкин.

Келгуси босқичлар

Келишувнинг кейинги босқичларига мувофиқ, Ғазо учун ҲАМАСсиз ўтиш бошқарув органини тузиш, халқаро барқарорлаштириш кучини шакллантириш ва унинг ваколатларини белгилаш, шунингдек, қуролсизлантириш ва қайта тикланиш масалалари муҳокама қилинади.

Бу жараённинг ҳар бир элементи ҲАМАС ёки Исроил томонидан қаршиликка учраши эҳтимоли катта. Халқаро кучларнинг жойлашиши учун БМТ мандати талаб қилиниши мумкин.

Бошқа томондан, БАА ҳозирча “ҳеч қандай аниқ механизм кўрмаётганини” билдирди ва ҳозирги шароитда “бу куч таркибида иштирок этмаслигини” маълум қилди.

Ҳар икки томон бир бирини сулҳни бузганликда айбламоқда

9 ноябрь куни ҲАМАС 10 йилдан ортиқ вақт олдин Ғазода ҳалок бўлган исроиллик ҳарбийнинг жасадини қайтарди. Бу билан Фаластин ҳудудида ҳануз тўрт нафар гаровга олинганларнинг жасадлари қолмоқда – уларни олиб чиқиш имкони бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

Сулҳ келишувига кўра, ҲАМАС Ғазода қолган барча 28 нафар гаровдаги шахснинг жасадини топшириши керак эди. Бироқ Исроил расмийлари гуруҳ улардан камида учтасини топишда қийналиши мумкинлигини тан олди. Бу жараёнга халқаро ишчи гуруҳ ёрдам бериши кутилмоқда.

Исроил ва ҲАМАС октябрь ойида тузилган отишмани тўхтатиш келишувини бузганликда бир-бирини айбламоқда. Исроил томони ҲАМАСни гаровдагиларнинг жасадларини қайтаришни чўзмоқда, деб ҳисоблайди. ҲАМАС эса Исроилни гуманитар ёрдам етказиб беришни тўсишда айбламоқда.

Маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларининг маълумотича, отишмани тўхтатиш тўғрисидаги келишувдан бери Ғазода Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида 244 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.

Сўнгги икки кун ичида Рафаҳ ҳудудида фаластинлик қуроллилар томонидан Исроил кучларига қарши икки марта ҳалокатли ҳужум содир этилгани хабар қилинди.

10 ноябрь куни Ғазо жанубидаги ҳаво ҳужуми оқибатида икки фаластинлик, жумладан бир бола ҳалок бўлди. 9 ноябрь куни эса яна бир киши Исроил ҳарбий ҳужумида нобуд бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Жаред Кушнер Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг