Туркияда бир оиланинг 4 аъзоси нимадан вафот этгани бўйича маълумот берилди
3-саҳифа
−
19 Ноябрь 26509 4 дақиқа
Туркиянинг Истанбул шаҳрига саёҳат учун келиб, заҳарланиш оқибатида вафот этган бир оиланинг 4 аъзоси – Сарват Бўжек (36 ёш), Чиғдам Бўжек (27 ёш), Муҳаммад Бўжек (6 ёш) ва Масал Бўжек (3 ёш)дан олинган таҳлиллар бўйича суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосалари эълон қилинди.
Ҳисоботда айтилишича, оила жорий йилнинг 9 ноябрь куни сайёҳат мақсадида Истанбулга келган ва Фотиҳ туманидаги “Harbour Suites Old City” меҳмонхонасига жойлашган. 10 ва 11 ноябрь кунлари улар мидия, пита нони, тантуни, кокореч ва турк локумлари каби турли хил олиб кетиш учун мўлжалланган таомларни истеъмол қилишган. 12 ноябрь куни улар эрта тонгда кўнгил айниши ва қусишни бошдан кечирган. Оила аъзолари шифохонага мурожаат қилган ва уларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг, улар яна меҳмонхонага қайтиб келган.
Хабарда айтилишича, оила 13 ноябрь куни соат 3:00 атрофида тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, болалар вафот этган. 14 ноябрь куни уларнинг онаси ҳам ҳаётдан кўз юмган. Оғир аҳволда қолаётган ота – Сарват Бўжек ҳам 17 ноябрь куни оламдан кўз юмган.
Оила жойлашган меҳмонхонада 11 ноябрь куни зараркунандалар ва ҳашаротларга қарши дори пуркаш ишлари олиб борилган. Воқеа жойини текшириш гуруҳидан оғзаки олинган маълумотларга кўра, оила жойлашган 201-хона кимёвий воситалар пуркалган 101-хонанинг тепасида жойлашган ва ҳаво алмашиш тизими бўлмаган. Худди шу меҳмонхонада тунаган яна икки чет эл фуқароси 15 ноябрь куни шунга ўхшаш шикоятлар билан шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, меҳмонхона дезинфекцияси пайтида ишлатилган кимёвий моддалар ва идишлар, она Чиғдам Бўжекнинг, ота Сарват Бўжекнинг шифохонада олинган биринчи қон намунаси ва ошқозон таркиби, икки чет эл фуқаросининг шифохонада олинган биринчи қон намуналари ва оила жойлашган 201-хонадаги чойшаблар Истанбул Бош прокуратураси томонидан текшириш учун Суд-тиббиёт институтига юборилган.
Ҳисоботда болаларнинг танасида ўлимга олиб келиши мумкин бўлган жароҳат аломатлари аниқланмагани қайд этилган. Отопсия пайтида ошқозон деворида доғли қон кетиш ва қизаришдан ташқари ҳеч қандай муҳим топилмалар кузатилмаган.
Бундан ташқари, Тақсим ўқув ва тадқиқот шифохонасида даволанаётганида вафот этган она Чиғдам Бўжекнинг жасадида ўтказилган экспертизада ҳам танасида ўлимга олиб келиши мумкин бўлган жароҳат аломатлари аниқламагани айтилган. Ошқозон деворида доғли яралар ва кенг шиллиқ ости қон кетишидан ташқари ҳеч қандай муҳим топилмалар кузатилмаган.
Қолаверса, Суд тиббиёт институтининг Истанбул морг ихтисослашув бўлими томонидан ўтказилган ота Сарват Бўжек танасида ўтказилган текширувда ҳам ҳеч қандай жароҳат аломатлари аниқланмаган. Бироқ, унда ошқозонда қизариш, ошқозон деворида ички қон кетиш, томирларда тромб (қон қуйқаси) ва ингичка ичакда озгина қонли таркиб қайд этилган.
Ҳисобот хулосасида Суд тиббиёт институтининг Истанбул кимё ихтисослашув бўлими она ва болалардан олинган отопсия намуналарини текширгани, аммо уларнинг қон намуналарида заҳарли моддалар ёки метаболитлар топилмагани таъкидланган.
Шунингдек, шифохоналарда она, ота ва икки чет эл фуқаросидан олинган дастлабки қон намуналари ҳам алоҳида текширилгани ва ҳеч қандай заҳарли моддалар ёки метаболитлар аниқланмагани билдирилган.
Ҳисоботда қуйидаги баёнотлар келтирилган:
“Ҳодиса билан боғлиқ вазиятларни, уларнинг тиббий тарихини, сўнгги маълумотларни ва шу меҳмонхонадан яна икки киши шунга ўхшаш шикоятлар билан шифохонага ётқизилганлигини ҳисобга олган ҳолда, она, ота ва болалар асосан меҳмонхона муҳитидан келиб чиққан кимёвий заҳарланишдан вафот этган ва истеъмол қилган овқатларидан заҳарланиш эҳтимоли камроқ, деб тахмин қилинади. Бироқ ўлим сабаби бўйича аниқ хулосага она, ота ва болалардан отопсияда олинган намуналарнинг патологик, микробиологик ва токсикологик таҳлили асосида эришилади. Меҳмонхона дезинфекциясида ишлатилган кимёвий моддалар, идишлар ва чойшабларнинг намуналари Истанбул бош прокуратурасидан сўралган ва уларнинг кимёвий таркиби Суд тиббиёти институтининг Кимё бўлими томонидан текширилади".
Ҳисоботда, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг Микробиология маълумотнома лабораторияси ва биологик маҳсулотлар бўлими, Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги Озиқ-овқат ва назорат бош бошқармасининг Истанбул (Флоря) озиқ-овқат назорати лабораторияси, Ички ишлар вазирлиги AFAD бош бошқармасининг Истанбул вилоят бошқармаси, Суд тиббиёти институтининг Кимё ихтисослашуви бўлимининг Токсикология лабораторияси, Морг ихтисослашуви бўлимининг Гистопатологик экспертиза бўлими ва Микробиология лабораториясида тегишли текширувлар давом этаётгани таъкидланган.
Live
Барчаси