Туркияда яна зилзила: у “тиз чўкиши” мумкин

Олам

image
Аср фожиаси north_east

Аср фожиаси

Диққат, ЗИЛЗИЛА! Ер қимирлаганда нима қилиш керак? north_east

Диққат, ЗИЛЗИЛА! Ер қимирлаганда нима қилиш керак?

Бугун, 23 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Туркиянинг Истанбул шаҳрида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Аҳоли орасида катта ваҳима уйғотган бу галги зилзила Туркия Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар бошқармаси берган маълумотга кўра, тахминан 10 сония давом этган. У Силиври тумани соҳилида содир бўлган. 

Зилзила қўшни вилоятларда ҳам сезилган. Зилзила эпимаркази 6,99 километр чуқурликда жойлашган. Бироқ маҳаллий нашрларнинг ёзишича, айни вақтда ҳам зилзилалар такрорланиши тугаганича йўқ. Мисол учун, биринчи зилзиладан кейин магнитудаси 3,1 дан 4,9 гача бўлган ўнта афтершок қайд этилган.

Бу зилзила кутилган эди. Негаки бундан анча олдин – 2023 йилнинг февраль ойида Туркиянинг жануби-шарқида юз берган магнитудаси 7,7 ва 7,6 бўлган иккита кучли зилзила ва бунинг оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлиши ортидан мамлакатда зилзила хавфларидан огоҳлантириш ва фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилганди. Хусусан, Туркиянинг етакчи сейсмологи Нажи Гўрюр Мармар денгизи ҳудудида бўлиши мумкин бўлган зилзила оқибатида қарийб 4 миллион кишининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди. Ўтган йилнинг август ойида Туркия Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум агар Истанбулда зилзила содир бўлса, дастлабки дақиқаларида 600 минг уй қулаш хавфи остида қолиши ва тахминан 2,5 миллион киши жиддий хавф остида яшаётгани ҳақида сўз очганди.

Нажи Гўрюр мегаполиснинг 4 миллионга яқин аҳолиси мумкин бўлган зилзила олдида ўлимга юзма-юз келаётгани, моддий йўқотишларни тасаввур қилиб бўлмаслигини айтганди. У таъкидлаганидек, Истанбулдаги энг нуфузли муассасалар ҳам шаҳардаги биноларнинг 60 фоиздан ортиғи зилзилаларга чидамли эмаслигини даъво қилмоқда. Гўрюр Мармар денгизи минтақаси қулаб тушса, бутун Туркия “тиз чўкиши”ни эслатганди.

Жорий йилнинг февраль ойида эса Туркиянинг Бодрум ҳудудида Эгей денгизида давом этаётган зилзилалар фонида эҳтимолий цунами ҳақида огоҳлантириш учун сирена тизими ўрнатилди. Одамларни огоҳлантириш тизими Сефирихисар, Дидим ва Датча қирғоқ ҳудудларида ҳам ўрнатилганди.

“The New York Times”нинг ўша пайтлари эълон қилинган мақоласида Эгей денгизида жорий йилнинг январь ойи охиридан бери зилзилалар давом этаётгани, тебраниш айниқса, Грециянинг Санторини (Тира) оролида сезилаётгани, сўнгги бир ҳафта ичида оролда яшовчи 15 минг кишидан 13 минги уни тарк этгани ёзилганди.

Истанбул мэриясининг ҳисоб-китобларига кўра, 7,5 магнитудали зилзила содир бўлса, шаҳарда камида 90 минг бино вайрон бўлади, 4,5 миллионга яқин фуқаро вақтинчалик уй-жойга муҳтож бўлиши мумкин. Сейсмологлар ҳам буни тасдиқлаган ва 260 минг бино шикастланиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келишини қўшимча қилган. Суғурта компаниялари зилзиладан кўрилган зарар 325 миллиард доллардан ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, икки йил олдин – 2023 йил 6 февралда Туркия жануби-шарқида магнитудаси 7,7 ва 7,6 бўлган иккита кучли зилзила содир бўлган эди. Ушбу табиий офат оқибатида 53,5 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, яна 107 мингдан ортиғи жароҳат олди. Бу зилзила 1939 йилда Арзинжондаги фалокатдан кейинги энг йирик ер силкиниши сифатида қайд этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг