Туркиядаги мактаблар полиция назоратига олинди

Олам

image

Туркияда Ички ишлар вазирлиги кўрсатмаси билан мамлакатдаги мактабларда полиция томонидан назорат олиб борилиши белгиланди. Бу ҳақда бугун, 16 апрель куни Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи ва Халқ таълими вазири Юсуф Текин иштирокида ўтказилган мажлисда маълум қилинди.

Қайд этилишича, Қаҳрамонмарашдаги мактабга қилинган ҳужум фонида зўравонликни тарғиб қилувчи провокатив Telegram-гуруҳлар юзасидан текширув бошланган. Мазкур текширувлар нақтижасида Исроил байроғи остида ташкил этилган ва 100 минг фаол аъзога эга бўлган “С31К” номли Telegram-гуруҳ аниқланган. Ундаги суҳбатларда отишма содир этган шахслар, янги ҳужумлар учун жой ва сана ҳам борлиги маълум бўлган. Шундан сўнг 940 та Telegram-аккаунтга чеклов қўйилган, 93 та Telegram-гуруҳ ёпилган ва 83 нафар гумонланувчига нисбатан ҳибсга олиш қарори чиқарилган.

Шунингдек, Қаҳрамонмарашда қуролли ҳужум уюштирган ўқувчининг уйида ўтказилган тинтув давомида унинг шахсий компьютери ва мобил телефони каби рақамли қурилмалари мусодара қилинган. Ўтказилган текширувлар натижасида гумонланувчининг компьютерида яқин орада катта миқёсдаги ҳужумни амалга ошириши қайд этилган ҳужжат аниқланган. Мавжуд далилларга кўра, ушбу ҳаракатнинг ҳеч қандай террорчилик ташкилотига алоқаси аниқланмаган ва ҳодиса гумонланувчи томонидан якка тартибда амалга оширилган, деган дастлабки хулосага келинмоқда.

Шонлиурфа ва Қаҳрамонмарашдаги воқеалар бутун Туркияни сергак тортишга мажбур қилмоқда. Сабаби, ўхшаш воқеаларнинг кети узилмаяпти. Хусусан, ижтимоий тармоқларда “Навбат Аҳмад Олтикулач лицейига” сарлавҳали хабар тарқалиб, унда Туркиянинг Токат вилоятида 11-синф ўқувчиси Терроризмга қарши кураш бўлими томонидан қўлга олингани айтилган.

Шунингдек, Зонгулдак вилоятида 17 ёшли лицей ўқувчиси синфнинг WhatsApp гуруҳига мактабга ҳужум қилиши ҳақида хабарларни юборган. Шундан сўнг у ҳам уйида уюштирилган операция давомида қўлга олинган. Ўтказилган тинтувда 6 дона тўппонча ўқи (бўш патрон) топилган. Унинг аввал синфда портловчи буюм сабаб мактабдан четлатилгани ҳам аниқланган.

Ушбу воқеалардан сўнг Туркия ҳукумати мактабларда хавфсизлик ва қўриқлаш тизимини янада оширди. Мамлакатдаги барча мактабларнинг кириш қисмида икки нафардан полиция ходими назоратда турадиган бўлди. Шунингдек, Газиантеп вилояти Полиция бошқармаси ходимлари ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мактаблар атрофида дронлар ёрдамида назорат ишларини бошлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб назорат полиция қуролли ҳужум Қаҳрамонмараш Зонгулдак Токат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг