Туркиядаги ноқонуний мигрантлар: ўзбекистонликлар антирейтинг етакчиларидан
3-саҳифа
−
27 Февраль 2791 2 дақиқа
Туркия Ички ишлар вазирлигининг Миграция бошқармаси мамлакатда қўлга олинган ноқонуний мигрантлар сони бўйича статистик маълумотларни эълон қилди. Унда Ўзбекистон Афғонистон ва Суриядан кейин учинчи ўринни банд этди. Бу ҳақда Миграция бошқармаси сайтида эълон қилинган ҳисоботда келтирилган.
Расмий маълумотга кўра, сўнгги йилларда энг кўп ушланган ноқонуний мигрантлар орасида Афғонистон фуқаролари етакчилик қилган. 2024 йилда 66 815 афғонистонлик қўлга олинган бўлса, 2025 йилда 44 157 нафарни ташкил этган. 2026 йил бошидан буён бу кўрсаткич 5 372 нафарга етган.
Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича иккинчи ўринда Сурия фуқаролари ўрин олган. 2024 йилда 50 641 нафар ноқонуний мигрант қайд этилган бўлса, 2025 йилда 22 515 нафар Сурия фуқароси қўлга олинган. Жорий йил бошидан ҳозирга қадар эса ушбу рақам 2 361 нафарни ташкил этган.
Учинчи ўринни эса ўзбекистонлик ноқонуний мигрантлар эгаллаган. 2024 йилда 11 521 нафарни ташкил этган рақамлар 2025 йил сўнгида 13 685 нафарга етган. Бу 2024 йилга нисбатан 18,8 фоизга кўп дегани. 2026 йил 19 февраль ҳолатига кўра, 1 437 нафар Ўзбекистон фуқароси ушланган.
Бундан ташқари, Туркманистон, Эрон, Ироқ, Миср, Судан ва Жазоир фуқаролари ҳам статистикада қайд этилган. 2026 йил бошидан буён Туркманистон фуқароларидан 1 354 нафар, Эрон фуқароларидан 1 143 нафар, Ироқ фуқароларидан 640 нафар, Миср ва Марокаш фуқароларидан 437 нафардан, Судан фуқароларидан 358 нафар ҳамда Жазоир фуқароларидан 285 нафар шахс қўлга олинган.
Маълумотларга кўра, 2022 йилдан кейин ноқонуний мигрантлар бўйича умумий кўрсаткичларда босқичма-босқич пасайиш кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда хорижлик келинлар ва куёвларнинг 2025 йилга оид статистикаси эълон қилинган. Унда ўзбекистонлик келинлар 13,7 фоиз кўрсаткич билан сурияликлардан сўнг иккинчи ўринни эгаллаган.
Live
Барчаси