Туркманистон Трампнинг қароридан норози

Олам

image

АҚШнинг Туркманистон фуқаролари учун қисман кириш тақиқини жорий этиши Ашхободда “кескин тушунмовчилик ва ташвиш” уйғотди. Бу ҳақда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.

Вазирлик Америка ҳукуматининг бу қарорини “шошма-шошарлик билан қабул қилинган қадам” сифатида баҳоламоқда. Баёнотда таъкидланишича, бу қарор икки томонлама ҳамкорлик натижаларини, жумладан, миграция сиёсати бўйича эришилган ютуқларни инобатга олмаган.

“БМТ Бош ассамблеяси томонидан уч маротаба тан олинган доимий бетарафлик мақомига эга Туркманистон миграция соҳасидаги барча халқаро меъёр ва қоидаларга қатъий риоя қилади. Туркманистоннинг БМТ конвенцияларини амалга ошириш тажрибаси – қочқинлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳуқуқий, ижтимоий, гуманитар ва бошқа масалаларини тартибга солувчи ҳужжатлар бўйича дунёдаги энг илғор тажрибалардан бири ҳисобланади. Бу ҳолат БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ҳимоясидаги турли халқаро форумларда мунтазам равишда қайд этилади”, дейилади баёнотда. 

Шунингдек, Марказий Осиёдаги ушбу республика фуқароларнинг чиқиш ва кириш масаласини ўзаро асосда кўриб чиқишини таъкидлайди. Бу эса манфаатдор томонларнинг қонунларини тегишли даражада назорат қилиш имконини беради. Туркманистон фуқаролари, жумладан АҚШга чиқаётганлар ҳам юқори даражадаги қонунбузарликларга йўл қўймаслик хусусияти билан ажралиб туради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп “АҚШни хорижий террорчилар ва бошқа хавфлардан ҳимоя қилиш мақсадида хорижий фуқароларнинг киришини чеклаш тўғрисида”ги ҳужжатни имзолаганди. Ушбу ҳужжатга кўра, 19 та давлат, жумладан Туркманистон фуқаролари учун АҚШга тўлиқ ёки қисман кириш тақиқи жорий этилади.

Туркманистон ушбу рўйхатга виза муддати ўтиб кетган фуқароларининг кўрсаткичлари сабабли киритилган. Хусусан, ишбилармонлик ва сайёҳлик визалари бўйича 15,35 фоиз талаба, касбий ва алмашинув визалари бўйича 21,74 фоиз визаларнинг муддати бузилган. Шу сабабли ушбу визаларнинг барча турлари бўйича кириш тўхтатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркманистон Ашхобод

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг