U-17 Жаҳон чемпионатида янги рекорд ўрнатилди
Спорт
−
10 Ноябрь 13638 2 дақиқа
Кеча, 9 ноябрь куни 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг “Б” гуруҳи сўнгги турида Марокаш Янги Каледонияни 16:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу турнир тарихидаги энг йирик ғалаба ҳисобланади. Бу ҳақда “Морроcо world news” нашри хабар берди.
Марокаш ўсмирлари ушбу ўйинда 73% тўпга эгалик қилди, 25 марта рақиб дарвозасига зарба берди ва Янги Каледонияга ўз дарвозасига бирорта ҳам зарба беришга имкон бермади. Ушбу ғалаба Марокашнинг турнирдаги энг йирик ютуғи бўлди ва жамоанинг муҳим дақиқалардан унумли фойдаланиш қобилиятини кўрсатди.
Қизиқ томони, Янги Каледония U-17 Жаҳон чемпионати тарихидаги энг йирик бешта мағлубиятдан учтасига дуч келган. Улардан бири 2023 йилда Бразилияга қарши 9:0, яна бири Англияга қарши 10:0 ҳисобида қайд этилган.
Энг юқори ҳисоб бўйича рекорд Испания томонидан 1997 йилда Янги Зеландия устидан 13:0 ғалаба эвазига ўрнатилган эди.
U-17 Жаҳон чемпионатидаги энг йирик ғалабалар:
- Марокаш 16:0 Янги Каледония (2025);
- Испания 13:0 Янги Зеландия (1997);
- Англия 10:0 Янги Каледония (2023);
- Бразилия 9:0 Янги Каледония (2023);
- Колумбия 9:1 Финляндия (2003).
Маълумот учун, Марокаш гуруҳ босқичини уч очко ва +8 тўп фарқи билан якунлади. Энг яхши учинчи ўринни эгаллаш учун улар бошқа гуруҳлар натижаларини кутишлари керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ислом Исмоилов бошқарувидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг 2-тури доирасида Ирландия U-17 терма жамоасига 2:1 ҳисобида мағлубиятга учраган эди.