Уэльс соҳилларида ғаройиб денгиз жонзотлари пайдо бўлди
Бу қизиқ
−
19 Июнь 2801 2 дақиқа
Уэльс қирғоқларида денгиз тўлқинлари билан бирга ноодатий юзлаб майда, ёрқин, кўк рангли денгиз жонзотлари пайдо бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, бу организмлар “шамол билан сузувчилар” деб аталади. Улар Англези, Гвинадд ва Тенби ҳудудларидаги пляжларда аниқланган бўлиб, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар эътиборини тортган.
Мутахассисларга кўра, бу жонзотлар очиқ океанда эркин сузиб юрадиган гидрозоа колониялари ҳисобланади ва улар денгиз анемонлари ҳамда маржонларга яқин қариндошдир. Уларнинг ўзига хослиги шундаки, танасининг устки қисмида кичик елканга ўхшаш тузилма бўлади. Шу сабабли улар сув оқими ва шамол ёрдамида ҳаракатланади, ўзи эса фаол сузиш қобилиятига эга эмас.
Маълумотларга кўра, бу жонзотлар одатда куз ва қиш ойларида кўпроқ учрайди. Сабаби шу даврда кучли океан оқимлари ва бўронлар уларни узоқ масофалардан олиб келади ва охир-оқибат пляжларга чиқариб ташлайди. Уларнинг узунлиги одатда 7 сантиметр атрофида бўлади. Кўпинча уларнинг минглаб тўдаси бир вақтда қирғоққа чиқиб қолади.
“Улар худди кристалларга ўхшайди, жуда чиройли ва ёрқин кўк рангда. Айниқса қуёш нури тушганда уларнинг кўк ранглари янада ёрқинлашиб, сув юзасида ялтирақ кўриниш ҳосил қилади”, дейди маҳаллий аҳоли вакили.
“Anglesi Sea Zoo” денгиз мутахассиси Фрэнки Хобро бу жонзотлар ташқи кўриниши чиройли бўлса-да, эҳтиёткорлик талаб қилишини айтган. Унинг айтишича, шамол билан сузувчилар кўпинча кўринишидан Португалия физалиясига ўхшайди, аммо ундан кичикроқ ва ранги янада ёрқин кўк. Энг муҳими, улар ҳам чақадиган ҳужайраларга эга.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, шамол билан сузувчиларга оддий қўл билан текканда кўпинча сезилмаслиги мумкин, чунки инсон териси нисбатан қалин. Бироқ лаб, юз ёки бошқа сезгир жойларга тегса, ачишиш, қичишиш ёки енгил оғриқ пайдо бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, ҳатто пляжга чиқиб қолган ва ўлик кўринадиган жонзотларда ҳам чақадиган ҳужайралар бир муддат фаол бўлиб қолади. Шу сабабли мутахассислар одамларни уларни қўлга олмасликка ва фақат узоқдан кузатишга чақиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар Галапагос ороллари яқинида сув тубида яшовчи саккизойоқнинг янги турини кашф қилган эди. Ёрқин кўк рангга эга бўлган ушбу ноодатий жонзотга Microeledone galapagensis деб ном берилган.
Live
Барчаси