Ўқишни кўчириш бўйича тест синовлари саналари эълон қилинди
Жамият
−
13 Август 3735 1 дақиқа
Талабалар ўқишини хорижий давлатлардаги ОТМлардан, шунингдек, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига кўчириш бўйича тест синовлари 18-19 август кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тест синовлари икки сменада ташкил этилади:
- 1-сменада 08:00 дан 11:00 га қадар;
- 2-сменада 15:00 дан 18:00 га қадар бўлиб ўтади.
Тест синовлари 2 та мутахассислик ва 3 та мажбурий фан бўйича ўтказилади ҳамда талабгорларга мутахассислик фанларида 30 тадан, мажбурий фанларда 10 тадан – жами 90 та тест топшириғи ва уларни ишлаш ҳамда жавоблар варақасига кўчириш учун 3 соат вақт берилади.
Талабгорлар тест синовида иштирок этиш учун рухсатномани Билимни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz сайтидан олиши мумкин.
Талабгорлар тест синови ўтказиладиган бинога рухсатномада белгиланган вақтдан кечикмасдан, паспорт (ID-карта) ва рухсатнома билан келиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи билан 2025-2026-ўқув йили учун хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини республика давлат олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича ўтказиладиган махсус синовлар бўйича ўтиш баллари тасдиқланганди. Унга кўра, энг юқори ўтиш балл ҳуқуқ соҳаси учун белгиланган бўлиб, у 165 баллни ташкил этади. Энг паст балл эса ветеринария соҳасида – 60 балл.
Live
Барчаси