Украина дронлари “Грозний-Сити”ни вайрон қилди (видео)

Олам

image

Кеча, 5 декабрь куни Украина дронлари Чеченистоннинг Грозний шаҳридаги бизнес-марказга зарба берди. Чечен оммавий ахборот воситалари ҳужум оқибатларининг даҳшатли кадрлари билан бўлишди. “Грозний-Сити” мажмуасидаги 145 метрлик осмонўпар бино ўзининг аввалги жило ва кўркини тўлиқ йўқотган. Бу ҳақда “Istories media” хабар берди.

Мажмуа Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг расмий резиденциясидан атиги бир километр масофада жойлашган. Зарба бинонинг ўрта қисмига берилган – бу ерда вазирликлар, минтақавий идоралар, Сайлов комиссияси, Омбудсман идораси ва нефть соҳаси билан боғлиқ ташкилотлар жойлашган.

Шунингдек, “Крепост Грозная” ҳудуди ҳам зарбага учраган. Айнан қайси объектлар зарар кўргани ҳозирча номаълум. Жабрланганлар ва қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Грозний аэропорти узоқ муддатга ёпиб қўйган. 

Шу жумладан, ушбу бинодан бир неча ўн метр масофада Федерал хавфсизлик хизматининг ҳудудий бошқармаси офиси бор. Украинадаги мониторинг каналлар айнан шу бошқарма дрон нишони бўлгани, аммо у радиоэлектрон кураш воситалари таъсирида нишондан оғиб кетганини тахмин қилган.

Маълумот учун, “Грозний-Сити” комплекси 2011 йилда очилган. Ҳозирда у жами еттита осмонўпар бинодан иборат. Октябрь ойида комплекс 500 рубллик янги банкнот учун рамз танлаш масаласида юзага келган можаро марказида қолганди. “Грозний-Сити” Элбрус чўққиси билан биргаликда овоз бериш жараёнида етакчилик қилган, Чеченистон расмийлари купюрада осмонўпар бинолар комплекси тасвири туширилиши учун қаттиқ уринганди. Якунда Россия Марказий банки катта миқдордаги сохтагарчиликларни сабаб қилиб, овоз бериш жараёнини бекор қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Чеченистон Грозний-Сити Крепост Грозная

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг