Украина Россиянинг муҳим нефть конларига зарба берди

Олам

image

Кеча, 10 апрелга ўтар кечаси Украина Мудофаа кучлари бўлинмалари Каспий денгизи шельфидаги Россиянинг иккита бурғилаш платформасига ҳужум қилди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби ва Украина Махсус операциялар кучлари (МОК) хабар қилди. 

Қайд этилишича, операция Россиянинг ҳарбий-иқтисодий салоҳиятини пасайтириш стратегияси доирасида амалга оширилган. Ҳужум оқибатида музга чидамли стационар платформалар – Валерий Грайфер номидаги кондаги ЛСП-2 ва Юрий Корчагин номидаги кондаги ЛСП-1 платформалари зарбага учраган. Украина МОК иккала платформа ҳам Россиянинг “Лукойл” компаниясига тегишли эканини қайд этган. Улар Каспий денгизининг шимолий қисмида, фронт чизиғидан деярли 1000 километр узоқликда жойлашган ва Россия армиясини ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлашда муҳим бўғин ҳисобланади.

“Bloomberg” маълумотларига кўра, иккала коннинг йиллик энг юқори қазиб олиш ҳажми 1,2 миллион тонна хом нефть (кунига тахминан 24 минг баррель)га мўлжалланган. У ерда, шунингдек, табиий газ ва конденсат ҳам қазиб олинади.

Қайд этиш жоиз, сўнгги ҳафталарда Украина Россиянинг энергетика объектларига – нефтни қайта ишлаш заводларидан тортиб, Болтиқ ва Қора денгиздаги экспорт терминалларигача бўлган ҳужумларини кучайтирди. “Bloomberg”нинг ёзишича, Киев шу йўл билан Москванинг Эрондаги уруш туфайли жаҳон хомашё нархлари кўтарилишидан оладиган молиявий фойдасини камайтиришга интилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Краснодар ўлкасидаги йирик нефть ҳайдаш марказларидан бири – Кримск чизиқли ишлаб чиқариш-диспетчерлик станцияси Украина ҳужуми оқибатида ёниб кетган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Каспий денгизи нефть кони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг