Украинадаги урушда 66 ўзбекистонлик ҳалок бўлди – ОАВ

Олам

image

Россиянинг Украинадаги урушида ҳалок бўлган 118 мингдан ортиқ ҳарбий орасида камида 66 нафар Ўзбекистон фуқароси мавжуд. Бу ҳақда BBC ва “Mediazona” нашрлари эълон қилган ҳисоботда айтилди.

Маълумотларга кўра, уларнинг 46 нафари Россия колонияларидан фронтга юборилган бўлиб, кўпчилиги “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси орқали урушга жалб қилинган. Қолганлари эса кўп ҳолларда ўз ихтиёри билан ёки босим остида шартнома имзолаган.

Ҳуқуқ фаолларининг фикрича, бу уруш мигрантлар учун босим воситасига айланган. Айримларга депортация бекор қилиниши, тезлаштирилган фуқаролик, Россияга кириш тақиқини олиб ташлаш каби ваъдалар берилган.

Бундан ташқари, айрим ҳолларда мигрантларга таҳдидлар билан ҳам шартнома имзолашга мажбурланган ҳолатлар қайд этилган. Худди шундай ҳолат Тожикистон фуқаролари билан ҳам кузатилган – 72 нафар ҳалок бўлган тожикистонликдан 43 нафари ҳам колониялардан олиб кетилган. Грузия фуқароларидан 63 киши ҳалок бўлган, улар асосан Абхазия ва Жанубий Осетияда яшаганлар бўлиб, кўпчилик жангга кўнгилли сифатида кетган. Непал фуқаролари орасида 70 киши ҳалок бўлган ва 50 дан ортиғи бедарак йўқолган. Улардан айримлари Британия ёки Ҳиндистон армиясидаги тажрибаси билан танилган гуруҳлар сафидан бўлган. Шимолий Кореядан урушга юборилганлар орасида эса 600 га яқин аскарнинг ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда, лекин уларнинг шахси расмий манбаларда тасдиқланмаган.

Шунингдек, Шри-Ланкадан камида 288 киши Россия армиясига ёлланган, улардан 16 нафари ҳалок бўлгани расман тан олинган. 

BBC бу хулосаларни фақат очиқ манбалардаги маълумотлар асосида тайёрлаган. Улар ичида ҳукумат эълонлари, қариндошларнинг ижтимоий тармоқдаги постлари, қабристонлардаги суратлар мавжуд. Асл қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро Россияга ишлаш мақсадида бориб, Украинага қарши жангларда иштирок этгани учун 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг