“Умид қиламизки, Соловьёвнинг чиқиши Россия раҳбариятининг фикри эмас” — Қудратхўжа

Жамият

image

Владимир Соловьёв тўғридан-тўғри эфирда аввал қоғозга ўраб келинган нарсани очиқ айтди. Катта сиёсатда овоз чиқариб айтилган фикр энди фалсафа эмас. Бу амалга оширилиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг репетицияси. Бу ҳақда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ўзининг Telegram’даги каналида ёзди. 

Унинг фикрича, бундай эфирлар жамиятни уруш ғоясига босқичма-босқич тайёрлаш функциясини бажаради. Шунингдек, у бу чиқиш Россия олий раҳбариятининг расмий позицияси эмас, балки ички аудиторияга қаратилган навбатдаги пропагандистик чиқиш эканига умид билдирди. 

“Соловьёвнинг чиқиши олдиндан ўйланган хавфли пропагандистик ҳаракат... Ва жуда ҳам умид қилишни истаймизки, бу Россия олий раҳбариятининг расмий позицияси эмас, балки студия ички аудиториясига таъсир қилишга қаратилган навбатдаги пропагандистик чиқиш”, дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

У сўзини давом этар экан, Соловьёв шунчаки булбул каби баланд овозда жозибали сайраши мумкин, лекин у ҳар доим ҳам сўзининг оқибати учун жавоб бермаслигини айтган.

Шунингдек, у бу ғоялар бежиз эмаслигини тарихий мисоллар билан келтириб ўтди.

“Лао Цзи ҳали милоддан аввалги VI асрдаёқ огоҳлантирган: фикрларингизга эътибор беринг—чунки улар ҳаракатларингизнинг бошланиши”.

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни россиялик телебошловчи, Кремлга яқин асосий пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Шерзодхон Қудратхўжа Соловьёв

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг