Умрага ноқонуний юборадиганлар “сирли мижоз” яширин тадбирларида аниқланади

Жамият

image

Умрага юборувчилар бўйича “Сирли мижоз” яширин назорат тадбирлари ўтказилади. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита жорий йилнинг 8 август куни қарор чиқарди.

Қарорда қайд этилишича, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, лицензияга эга бўлмаган шахслар томонидан ноқонуний хизматлар кўрсатилишини барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсад қилинган.

“Сирли мижоз” тадбири қонунийлик, холислик ва адолатлилик принципларига асосланган ҳолда қўмита масъул ходимлари томонидан амалга оширилади. Бу тадбир текшириш ёки тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ҳисобланмайди, бундай тадбирлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинмайди. У “Умра” хизматларини ноқонуний амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахслар фаолиятини барвақт аниқлаш мақсадида қўмита ташаббуси билан ташкил этилади ва ўтказилади.

“Сирли мижоз” тадбири қуйидаги манбалардан олинган маълумотлар асосида ташкил этилади:

  • жисмоний ва юридик шахслар томонидан “Умра” хизматини кўрсатиш фаолияти юзасидан қўмитага келиб тушган мурожаатлар;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумот, таҳлил ва хулосалар;
  • оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги вебсайтлар, ижтимоий тармоқлар ва бошқа очиқ манбаларда тарқалган маълумотлар;
  • “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўрта ва юқори даражада баҳоланган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар.

Қўмита масъул ходими “Умра” хизматларини ноқонуний амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний ёки юридик шахснинг олдига мижоз сифатида боради ва ундан ўзига “Умра” хизмати кўрсатилишини сўрайди ҳамда қуйидаги маълумотларни йиғади:

  • хизмат кўрсатиш учун тегишли лицензия мавжудлиги (расмий ҳужжат ёки оғзаки маълумот асосида);
  • хизмат кўрсатиш шартлари (муддати, нархи ва бошқалар);
  • хизмат учун тўлов усули ва ҳисоб рақами.

“Сирли мижоз” тадбири давомида яширин диктофон ёки видео кузатув мосламаларидан фойдаланилиши мумкин. Тадбири натижалари бўйича қўмита масъул ходими томонидан далолатнома расмийлаштирилади ва у тақдим этилгандан сўнг беш иш куни ичида кўриб чиқилади, бунда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари мавжуд бўлса, қонунчиликда белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материалларни юбориш бўйича таклифлар тайёрланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонликлар учун янги Умра мавсуми жорий йилнинг август ойидан бошланиши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Умра лицензия Дин ишлари бўйича қўмита сирли мижоз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг