Умрини ўзбек тили учун курашга бағишлаган олим вафот этди

Жамият

image

1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши йўлида улкан хизмат кўрсатган тилшунос олим Бахтиёр Исабек (Ўрдабекли) 80 ёшида оламдан ўтди. Жаноза бугун, 9 ноябрь куни пешин намозида Кулолқўрғон масжидида ўқилади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.

Бахтиёр Исабек 1945 йилда Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилояти, Султон Работ қишлоғида туғилган. 1961-1966 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги педагогика университети) тарих-филология факультетини тамомлаган.

Илк меҳнат фаолиятини 1966 йили Ўзбекистон Фанлар академиясида лаборант сифатида бошлаган. 1968-1993 йилларда собиқ ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да ўқитувчи ва доцент лавозимларида фаолият юритган. 1980-йилларнинг охирларида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб чиққан зиёлилардан бири бўлган ва бу ҳаракатларда унинг талабалари ҳам фаол иштирок этган.

1993 йилда демократик қарашлари сабабли ишдан бўшатилган Исабек нафақага чиққунга қадар ишсиз қолган. У ўз хотираларида тил масаласи билан боғлиқ ҳаракатларда “бутун калтак ўз бошимда синди” деб ёзган.

“Ўзбек тилининг давлат тили бўлиши учун менга ўхшаган кўп одам азоб тортган, аммо бутун калтак менда синган. Кейин эса ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишида ташаббус кўрсатганлар кўпайиб кетди. Майли, яхши ишнинг соҳиблари кўп бўлади. Миллатнинг биринчи белгиси — тил. Агар тилнинг ўлмаслиги учун ҳаракат қилган одамни кўрсангиз, билингки, у миллатнинг ўлмаслиги учун ҳам ҳаракат қилган инсондир”, деган эди у.

Бахтиёр Исабек университетда ишлаган даврда ҳам ижодий ва илмий фаолиятни тўхтатмаган. Унинг илк китоби 1984 йилда Иристой Қўчқортоев билан ҳамкорликда ёзилган ва нашр этилган “Туркий филологияга кириш” қўлланмасидир. 1995 йилда “Сайрам” рисоласини, 2006 йилда эса Қозоғистондаги ўзбек мактабларининг 10-синфи учун “Ўзбек тили” дарслигини ёзган. Шунингдек, “Султон Работ”, “Эрк йўлида”, “Туркологияга кириш”, “Қизиқарли она тили”, “Ўғузнома”, “Яссавий ҳикматлари луғати” каби ўнлаб асарлар муаллифи ва “Яссавий насабномаси ва Амир Темур” китобига сўзбоши ёзган.

Бундан ташқари, Туркистон ва Марказий Осиё бўйича тарихчи ва шарқшунос олим Боймирза Ҳайитнинг “Туркистон Россия ва Хитой оралиғида”, Фуод Кўпрулунинг “Турк адабиётида илк мутасаввифлар”, Лев Гумилёвнинг “Қадимги турклар” асарларини ҳамда қозоқ ёзувчиси Ўлжас Сулаймоновнинг “Аз и Я” китобини ўзбек тилига таржима қилган.

Олимнинг шу кунга қадар бешта илмий асари ва 200 дан ортиқ мақолалари чоп этилган. У Маҳмуд Қошғарий номидаги халқаро мукофот соҳибидир.

QALAMPIR.UZ таҳририяти марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига чин дилдан ҳамдардлик билдиради.


Мақола муаллифи

Теглар

ўзбек тили Бахтиёр Исабек Ўрдабекли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг