Уругвайда беморни ўлдириш қонунийлаштирилди
Олам
−
17 Октябрь 12058 2 дақиқа
Уругвайда парламент эвтаназия – даволаш имкони бўлмаган оғир касалликларда беморнинг розилиги билан унинг ҳаётини тинч ва азобсиз тугатиш амалиёти бўйича қонунни маъқуллади ва шу билан мамлакат Лотин Америкасида ушбу амалиётни қонуний асосда рухсат этган биринчи давлатга айланди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
31 сенатор ичидан 20 нафари ташаббусни қўллаб овоз берган, қуйи палата эса ҳужжатни аввалроқ, август ойида тасдиқлаган.
Қонун шифокорларга беморларнинг сўрови асосида, даволаш имкони бўлмаган ва “бардош бериб бўлмайдиган даражада азобловчи” касалликлардан азият чекаётган беморлар учун эвтаназия ўтказишга рухсат беради. Бемор ўз қарорини расмий тартибда тасдиқлаши ва онгли ҳолатда бўлиши керак. Қонунда беморнинг ўзи ўлим дорисини қабул қилиши билан амалга ошириладиган ёрдам, яъни ўз жонига қасд қилиш назарда тутилмаган.
Европа ва АҚШдаги шунга ўхшаш қонунлардан фарқли ўлароқ, Уругвай қонуни беморнинг “ҳаёт муддатини” чекламайди ва мурожаат билан процедура орасида кутиш даврини талаб қилмайди. Шу билан бирга, вояга етмаганларга ушбу амалиёт қўллаш тақиқланади.
Мамлакат вице-президенти Каролина Коссе қонун қабул қилинишини тарихий қадам деб атаб, унинг Уругвайнинг минтақадаги энг илғор давлатлардан бири сифатидаги обрўсини мустаҳкамлашини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия парламентининг Жамоатлар палатаси “Эвтаназия тўғрисида”ги қонунни маъқуллаганди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь