Урушда ҳалок бўлган россиялик аскарлар ярим миллионга яқинлашди – разведка
Олам
−
11:01 1698 2 дақиқа
Россия армияси Украинадаги бутун уруш давомида фақат ҳалок бўлганларни ҳисоблаганда қарийб 500 минг кишини йўқотди. Бу ҳақда Буюк Британия Ҳукумат алоқалари маркази директори Энн Кист‑Батлер баёнот берди.
“Путин жанг майдонида ортга чекинмоқда, бунинг устига янги разведка маълумотлари низо бошланганидан буён ярим миллионга яқин россиялик аскар ҳалок бўлганини кўрсатмоқда”, дейди Энн Кист‑Батлер.
“The Guardian” нашрининг қайд этишича, бу Британиянинг юқори лавозимли мулозими томонидан тажовузнинг бешинчи йилида Россиянинг Украинадаги йўқотишлари бўйича Буюк Британия томонидан берилган баҳонинг илк бор тасдиқланишидир. Аввалроқ ғарблик таҳлилчилар ҳалок бўлган россиялик аскар ва офицерлар сонини 325 минг киши атрофида баҳолаётган эди. Хусусан, 2026 йилнинг январь ҳолатига кўра бўлган бундай ҳисоб-китобларни Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) келтириб ўтган. Унинг маълумотларига кўра, Россия Федерацияси Қуролли кучларининг Украинадаги умумий йўқотишлари (ярадорлар ва бедарак йўқолганларни қўшганда) 1,198 миллион кишига етган.
CSIS таҳлилчилари ушбу рақамларни “мисли кўрилмаган” деб атаб, Иккинчи жаҳон урушидан кейин бирорта ҳам етакчи давлат бундай катта йўқотишларга учрамаганини таъкидлаган. “Медиазона” ва BBC томонидан юритилаётган ҳалок бўлганларнинг исмма-исм рўйхатида ҳозиргача камида 221 206 нафар россиялик қайд этилган.
Бундан олдин Украина Учинчи армия корпуси қўмондони, бригада генерали Андрей Билецкий “Reuters”га берган интервьюсида Россия армияси оғир йўқотишлар туфайли ҳолдан тойгани ва йирик муваффақиятли ёририб ўтишларни амалга оширишга қодир эмаслигини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, агар Украина Қуролли кучлари яқин бир неча ой ичида ўз ҳужум суръатини ошириш ва ушлаб туришга муваффақ бўлса, фронт чизиғидаги ташаббусни ўз қўлига олиши ва Россияни Донецк вилоятининг Украина назоратида қолаётган қисмини эгаллаш режасидан воз кечишга мажбур қилиши мумкин.
“Мен келгуси олти-тўққиз ой уруш жараёнида бурилиш нуқтаси бўлади, деб ҳисоблайман. Аниқроқ айтадиган бўлсам, энг муҳими – мана шу олдингизда турган олти ойдир”, дейди Билецкий.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фронтда муваффақиятларнинг йўқлиги, ортиб бораётган талофатлар, Украина дронларининг тобора муваффақиятли тус олаётган ҳужумлари ва махсус хизматлар талаби билан интернетнинг тез-тез ўчириб қўйилиши ҳамроҳлигида кечаётган иқтисодий инқироз Россия раҳбарияти вакилларини ўзлари олиб бораётган урушга янада сергакроқ нигоҳ билан қарашга мажбур қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси