Усмон Дембеле “Олтин тўп”дан сўнг маошини оширишни хоҳламоқда
Спорт
−
15 Октябрь 1543 2 дақиқа
Франция терма жамоаси ва ПСЖ ҳужумчиси Усмон Дембеле “Олтин тўп” совринини қўлга киритганидан сўнг клуб билан янги шартнома шартларини қайта кўриб чиқишни истамоқда. Бу ҳақда “L’Equipe” нашри хабар берди.
Манбага кўра, Дембеле 2023 йил ёзида имзолаган шартномасида агар “Олтин тўп”ни қўлга киритса, маоши автоматик ошиши белгиланган бўлиши мумкин. Бироқ ПСЖ раҳбариятидаги айрим манбалар бу банд мавжудлигини рад этган.
Ҳозирда футболчининг агенти Мусса Сиссоко ва ПСЖ клуби спорт директори Луис Кампос ўртасида музокаралар давом этмоқда. Асосий масала Дембелега йилига 18 миллион евро атрофида тўланаётган ҳозирги маошни ошириш.
Париж клуби юлдуз футболчининг жамоа муваффақиятига қўшган ҳиссасини эътироф этади, бироқ бир вақтнинг ўзида жамоавий мувозанатни бузмасликни истайди. ПСЖ раҳбариятига кўра, Дембеле лойиҳанинг муҳим қисми, аммо ягона ҳал қилувчи шахс эмас. Витинья ёки Ашраф Хакими каби бошқа футболчилар ҳам жамоа ютуқларида катта роль ўйнаган.
Дембеленинг бозор қиймати бир йил ичида 55 миллион евродан 100 миллион еврога ошди. 28 ёшли футболчи учун Париждаги муваффақиятлар нафақат спорт, балки молиявий жиҳатдан ҳам янги босқични бошлаб берди. Ўтган мавсумни 35 та гол ва 16 та голли узатма билан якунланган Дембеле ўзининг спорт имижидаги мақомига мос равишда кўпроқ маош олиш тарафдори.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 сентябрь куни Париж шаҳрида “France Football” нашрининг 2025 йилги “Олтин тўп” тақдирлаш маросимида Усмон Дембеле маросимнинг бош мукофотини қўлга киритган эди.
Live
Барчаси