Ўйин вақти майдонда жон берган футболчилар
Таҳлил
−
13 Февраль 14309 3 дақиқа
Миллионлар ўйини бўлган футбол мухлислар учун ғалаба завқи, мағлубият алами, қувонч ва алам кўз ёшларини ҳадя қилади. Аммо шундай ҳолат борки, барчанинг кўзёшларига сабаб бўлади. Бу ўйин вақтида, майдонда ҳушсиз ётган футболчини кўриш.
Биз эса футбол тарихидаги ўйин вақтида майдонда жон берган футболчилар ҳақида сўз юритамиз.
Антонио Пуерта

“Севилья” собиқ футболчиси 2007 йилнинг 28 августида “Хетафе”га қарши чемпионат доирасидаги ўйинда, майдонда ҳушидан кетади ва у шу заҳоти алмаштирилади. Бироз вақт ўтгач у ўзига келади, юришга ҳам муваффақ бўлади. Аммо кийиниш хонасида яна ҳушидан кетади. Уч кун ўтиб, шифохонада постаноксик энцефалопатия натижасида вафот этади.
Миклос Фейер

“Бенфика” клуби собиқ ўйинчиси 2004 йилнинг 25 январида 24 ёшида вафот этди. У чемпионат доирасида “Виктория Гимарайнш”га қарши баҳсда қадами секинлашгандаям ўйинни давом эттиришга ҳаракат қилган, аммо у барибир йиқилди. Фейер ўпка эмболияси оқибатида шифохонада жон берди.
Марк Вивиен Фое

Фое 2003 йил 26 июнда Францияда ўтказилган Канада ва Колумбия ўртасидаги ўйинда майдоннинг ўзида вафот этди. У юрак хуружи натижасида майдонга тўсатдан йиқилди. Унга тезда тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, майдоннинг ўзида жон берди.
Пьермарио Моросини

Моросини 2012 йилнинг 14 апрелида “Ливорно” ва “Пескара” ўртасидаги ўйин ўртасида юрак хуружидан вафот этди. Моросини оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган, бироқ шифокорлар футболчининг ҳаётини сақлаб қолиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилди, аммо у афсуски, вафот этди.
Хосе Антонио Гальярдо

Испания чемпионати доирасида “Сельта” ва “Малага” ўртасидаги ўйинда Гальярдо боши билан ҳимоячи тўқнашди. Ҳимоячи муаммосиз ўрнидан турди, бироқ Гальярдо ҳушидан кетди. 17 кундан кейин комага тушди. 1988 йилнинг 8 январида у вафот этди.
Марсио Дос Сантос

Дос Сантос 2002 йил 28 октябрда “Депортиво Ванка” ва “Алианса Лима” ўртасидаги ўйиндан кўп ўтмай вафот этди. Аслида Марсио жамоасига ғалаба келтирган голга муаллифлик қилганди. Ўйиндан олдин у ўзини яхши ҳис қилмаган ва шифокор унга бош оғриғи учун таблеткалар ёзиб берган. Бироз вақт ўтиб, у клуб меҳмонхонасида юрак хуружи сабаб жон берди.
Ален Памич

Памич 2013 йилнинг 22 Марузни шаҳрида “НК Истра” билан ўртоқлик ўйини вақтида юрак хуружига учради. Унинг юраги билан боғлиқ муаммолар узоқ вақтдан бери бор эди ва биринчи марта бундай вазиятга тушмаганди. Аммо шифокорлар унга фаолиятини давом эттиришга рухсат берди. Аммо у узоқ вақт ўтмай бу ёруғ оламни тарк этди.
Питер Биаксангузала

Ҳиндистон чемпионати вакили “Бетлам Венгтланг” клубининг 23 ёшли ярим ҳимоячиси 2024 йилнинг 19 октябрь куни голни нишонлаганидан кейин умуртқа поғонасидан жиддий шикастланди ва бироз вақт ўтиб шу сабабдан вафот этди.
Кристиан Гомес

27 ёшли футболчи 2015 йилнинг 24 май куни “Атлетико Паранья” таркибида “Бока Унидос”га қарши ўйин вақтида майдонда ҳушидан кетган ва бироз вақт ўтиб, вафот этганди.
Серхи Перхун

Москваниннг ЦСКА клуби дарвозабони Серхи Перхун 2001 йил 29 августида Россия чемпионати доирасида ҳимоячи билан тўқнашиб кетди ва бошидан жиддий жароҳат олиб, ҳушидан кетди. Бироз вақт ўтиб у комага тушиб қолди. Охир-оқибат Перхун жароҳати сабаб, вафот этди.
Live
Барчаси