Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида 450 метрли туннель топилди (видео)
Олам
−
22 Июль 10000 1 дақиқа
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги ҳудудда нефть маҳсулотлари контрабандаси учун фойдаланилган 450 метр узунликдаги ерости туннели борлиги аниқланди. Бу ҳақда Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари кўмагида Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида ўтказилган қўшма операция натижасида халқаро жиноий гуруҳнинг нефть маҳсулотларини контрабанда йўли билан олиб чиқиш учун мўлжалланган 450 метр узунликдаги ерости туннели борлиги аниқланган.
Ноқонуний фаолият икки ой давом этган. Бу вақт ичида жиноий гуруҳ хориждан молиялаштириш, логистика ва ёнилғи материалларини ташишни ўз ичига олган барқарор контрабанда тизимини йўлга қўйган.
Қозоғистон томонидан ўтказилган тадбирлар билан бир вақтда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳам ўз ҳудудида худди шундай чора-тадбирларни амалга оширган.
Операция давомида жиноий схеманинг барча иштирокчилари, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари аниқланган. Қозоғистон Республикасининг беш фуқароси ҳам гумонланувчи сифатида қўлга олинган.
Билдирилишича, ҳозирда тергов якунланган ва жиноят иши судга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида ҳам Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида 450 метрлик нефть маҳсулотларини контрабанда қилиш учун мўлжалланган туннель йўқ қилинганди.
Live
Барчаси